Ижтимоий тармоқларда аёл болалар майдончасида вояга етмаган болани ургани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ маълумот берди.

Унга кўра, 28 апрель куни тахминан соат 16:00 ларда Олмазор тумани, “Шифокорлар” маҳалласи ҳудудидаги кўп қаватли уйлар олдида содир бўлган. 1989 йилда туғилган М.А. болалар майдончасида унинг фарзанди билан тортишиб қолган вояга етмаган К.М.ни ургани аниқланган.
Натижада жабрланувчи шифохонага мурожаат қилган. Судга оид тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, оғирлик даражаси бўйича соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати деб баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, суд томонидан жарима жазоси тайинланган.
Куни кеча Тошкент вилоятида 7 ёшли бола онаси ва ўгай отаси томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилганди.
2025 йил бошларида Тошкент вилоятида онаси томонидан калтакланган 4 ёшли қиз вафот этганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, аёл қамоққа олинган. 27 январь куни Тошкент вилоятида қайнона-келин жанжали сабаб чақалоқ куйиб қолганди. Олмалиқда аёл ширинликларни рухсатсиз еган боласининг тана аъзоларига пахта тиқиб, ёққани ҳақида ҳам хабар берилганди.
2024 йил 14 ноябрда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганди. Қонун 2025 йил 15 майдан кучга киради. Унда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича умумий ва индивидуал чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Изоҳ (0)