Москвада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари озарбайжонлик “қонундаги ўғри” Вагиф Сулаймоновни қўлга олди. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.

Қўлга олинган шахс Вагиф Бокулий ва “дипломат” лақаблари билан ҳам танилган. Унинг ҳибсга олинишига Россияда бўлиш қоидаларини бузгани сабаб бўлган. Сулаймоновни ўз ватанига юбориш учун Москва Ички ишлар бош бошқармасининг Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига (“Сахарово”) жўнатилган.
Россия куч ишлатар тузилмаларига яқин бўлган “ВЧК-ОГПУ” ва “112” Telegram каналлари Сулаймоновнинг қўлга олиниши тасвирланган видеони эълон қилган. Кадрларда СОБР (Махсус тезкор жавоб қайтариш отряди) ходими ерда юзтубан ётган эркакнинг устида ўтиргани кўринади. Ерда ётган одам талабга жавобан кадр ортида ўзини таништирган.
“Сиз жиноий авторитетмисиз? Ўғримисиз?”, деб сўрашган ундан. Сулаймонов эса “бундай саволларга жавоб бермаслиги”ни маълум қилган.
“База” Telegram каналининг ёзишича, Оренбургда “Озарбайжондан яна бир авторитет — Заур ҳам ҳибсга олинган”. У жиноий иерархияда энг юқори ўринни эгаллаганликда айбланган.
Вагиф Сулаймоновни Москвадаги турли бизнес лойиҳалари, жумладан, миллиардер Год Нисановнинг “Фуд-Сити” комплекси билан боғлашади. Сулаймонов 1965 йилда Тбилисида туғилган, Бокуда яшаган, 1990 йилларда эса Россияга кўчиб кетган.
“Прайм Крайм” сайти маълумотларига кўра, Сулаймонов ўғрилик ва гиёҳванд моддаларни сақлаш бўйича бир неча марта судланган. У 2013 йилда ўлдирилган “қонундаги ўғри” Аслан Усоян (Дед Ҳасан)нинг яқин кишиси ҳисобланган.
Сулаймоновнинг ҳибсга олиниши Екатеринбургда озарбайжонлик фуқароларни қўлга олиш билан боғлиқлиги аниқ эмас. 27 июнь куни шаҳарда қотиллик иши бўйича Озарбайжон фуқароларини оммавий ҳибсга олишлар ўтказилди. Қўлга олинганлар орасидаги ака-ука Ҳусейн ва Зияддин Сафаровлар вафот этди. Уларнинг танасида калтаклаш ва қийноқ излари борлиги маълум бўлди. Озарбайжон ҳукумати Россия хавфсизлик кучларининг бу ҳаракатларига жавобан Бокуда 10 дан ортиқ россиялик фуқарони ҳибсга олиб, калтаклади.
Изоҳ (0)