Тайван ҳар йили ўтказиладиган “Хангуанг” ҳарбий машғулотларини бу йил энг йирик масштабда ўтказади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Машғулотлар 10 кун давом этиши режалаштирилган. Бу аввалги йилларга қараганда икки баравар кўп. Рекорд миқдордаги иштирокчилар ҳам жалб қилинмоқда: 22 мингдан ортиқ захирадаги аскарлар мунтазам қўшинларга қўшилади.
Хитой Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, машғулотлар “мисли кўрилмаган 10 кеча-ю кундуз ўт очиш машқлари” форматида ўтказилади. Бу ҳарбийларга ҳақиқий жанговар шароитларга имкон қадар мослашиш имконини беради.
Машқлар кўп босқичли конфликтни “симуляция” қилади. Биринчи босқичда ҳарбийлар киберҳужум ва иқтисодий босимга дуч келади. Кейин Тайван қуролли кучлари Хитой Халқ озодлик армиясининг “ўт очиш зарбаси ва десант гуруҳининг денгиздан ўтишини” қайтариши керак бўлади.
Аскарлар душманнинг эҳтимолий десант ҳужуми содир этиши мумкин бўлган ҳудудларда — ҳам қирғоқ, ҳам шаҳар шароитида жанговар тактикани машқ қилади. Шу билан бирга, ракета ҳужуми ва эвакуация ҳолатида фуқаролик мудофааси қандай амалга оширилиши амалиётдан ўтказилади. Шу мақсадда пойтахт ва йирик шаҳарларда корхоналар фаолияти ва транспорт ҳаракати тўхтатилади.
Сўнгги йилларда Хитой 2027 йил Тайванга бостириб кириши ҳақида тахминлар юзага келган. Бундай тахмин биринчи марта 2021 йилда илгари сурилган эди.
Тайван Мудофаа вазирлиги 2025 йил март ойида Хитой 2027 йили мамлакатга ҳужум қилиши ҳақида аниқ прогноз қилганди. Май ойида бўлиб ўтган Шангри-Ла мулоқоти хавфсизлик саммитида АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет яна бир бор шу санада Хитой Тайванга ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)