Хитой АҚШнинг Тайванга қурол сотиш режаларини “ягона Хитой” тамойилини бузиш ва унинг ички ишларига аралашиш деб атади. Бунга жавобан Пекин Американинг тўққизта компаниясига чекловлар киритди.
Санкция жорий қилинган компаниялар қаторига ierra Nevada, Stick Rudder Enterprises, Cubic Corporation, S3 AeroDefense, TCOM, TextOre, Planate Management Group, ACT1 Federal вa Exovera компаниялари киради, дея хабар берди Sinxua агентлиги.
Уларнинг Хитойдаги мулклари музлатилади. Хитой фуқаролари ва компанияларига санкция жорий қилинган компаниялар билан бизнес юритиш тақиқланган.
Хитой Вашингтоннинг Тайванга қурол сотиш ҳақидаги қарори Хитой-Америка қўшма коммюникесига зид, деб ҳисоблайди. Пекин АҚШнинг бу каби режалари “Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий зарар етказиши”ни маълум қилди.
Аввалроқ Америка Қўшма Штатлари Тайван билан биргаликда қурол ишлаб чиқармоқчи экани хабар қилинганди.
“АҚШ ҳозирда бир қатор ҳамкорлар билан ҳарбий техника ишлаб чиқаришни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Тайван келажакда ушбу шериклардан бирига айланишини истисно қилмайман”, деганди Америка институтининг Тайвандаги ваколатхонаси директори Реймонд Грин.
12 июль куни Хитой Тайванга қурол экспорти сабабли АҚШнинг қатор компаниялари ва расмийларига санкциялар киритгани хабар берилганди.
Изоҳ (0)