Норвегия ўз тарихида биринчи марта радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий стратегияни тақдим этди. Мамлакат ҳукуматининг хабар беришича, стратегиянинг асосий мақсади аҳолининг соғлиғини сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишдан иборат.

“Мамлакатимизда радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида биринчи миллий стратегия пайдо бўлганидан жуда мамнунман. У мамлакатимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги тайёргарлигини ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган”, деди соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Ян Кристиан Вестре.
Таъкидланишича, янги миллий стратегия доирасида Норвегия инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳитни радиациянинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш учун радиоактив нурланиш ва ядровий хавфсизликнинг юқори даражасини сақлаб қолиш мажбуриятини олади.
Стратегия ўнта аниқ мақсадни ўз ичига олади. Улар орасида радиация ва ядро энергияси билан боғлиқ ҳодисалар хавфини камайтириш, шунингдек, мамлакат ҳукумати назоратидан ташқари бўлган манбалардан нурланиш хавфига қарши ҳаракат қоидаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш мавжуд. Бундан ташқари, Норвегия бу соҳада шаффофлик ва очиқликка интилмоқда.
1957 йилда Норвегия Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)га аъзо бўлган. Бундан ташқари, мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган.
Бундан аввал Сенатнинг 26 июндаги ялпи мажлисида “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқуллангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)