Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Ғазога ёрдамни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Вазир Ғазога кириб келаётган гуманитар ёрдам “мутлақ шармандалик” эканини таъкидлаб, уни вақтинча эмас, балки бутунлай тўхтатишга чақирган.
“Мен бир неча бор огоҳлантирдим. Афсуски, бир ярим ой олдин ёрдам киришига қарши овоз берган ягона одам мен бўлдим. Ёрдам ҲАМАСга жон бағишлашига ишончим комил эди. Ўшанда баъзилар мени масхара қилиб, ёрдам фақат шимолий секторга 10 кун давомида киришини айтганди.
Бугун эса бир нарса аниқ: ҲАМАС озиқ-овқат ва товарлар миқдорини назорат қилади, бу эса унинг омон қолишига ёрдам бермоқда. Ёрдамни тўхтатиш ғалабага эришишни тезлаштиради. Мен бош вазирдан вазирлар маҳкамасининг навбатдаги мажлисида ушбу масалани яна овозга қўйишни талаб қиламан”, деган вазир.
Бу Бен Гвирнинг Ғазога гуманитар ёрдамни тўхтатишга чақирган биринчи ҳолат эмас. У 2024 йили ҳам шундай чақириқ билан халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилганди. Шундан сўнг, Австралия, Канада, Янги Зеландия, Норвегия ва Буюк Британия унга ва яна бир вазирга қарши санкциялар жорий қилганди.
“Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ва молия вазири Безалел Смотричга саёҳат тақиқланади ва активлар музлатилади”, дея маълум қилганди Британия ҳукумати.
Иккала вазир ҳам босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ғазодаги уруш бўйича ўз позициялари ҳақидаги “ғазаблантирувчи” изоҳлари учун танқидга учраган.
Изоҳ (0)