Бир гуруҳ ўқитувчилар аттестация натижаларидан норози бўлиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини судга берди. “Халқ таълими инфо”нинг хабар қилишича, улар аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, маънавий зиён ва вакил харажатларини ундириш юзасидан даъво аризаси киритди.

Ўзи нима гап?
Ўзбекистонда 15 апрелдан 14 майгача педагоглар учун аттестация тест синовлари бўлиб ўтганди. Мазкур малака тест синовларида иштирок этиш учун 190 мингга яқин педагоглар онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 177 минг 640 нафари ёки умумий аризачиларнинг 95 фоизи жараёнларда қатнашди.
Аттестация натижаларига кўра, 10 504 нафар педагог олий тоифа, 23 200 нафар педагог биринчи тоифа, 27 805 нафар педагог иккинчи тоифа учун етарли балл тўплаб, ижобий натижалар қайд этди. Шунингдек, 6 603 нафар педагог мутахассис лавозимини сақлаб қолди. Умумий ҳисобда 73 мингдан зиёд педагоглар ижобий натижа кўрсатган. Аммо 104 мингга яқин (58,9 фоиз) педагоглар аттестациядан ўтолмаган.
Педагоглар норозилиги
Аттестация тест синовлари давом этаётган бир вақтда ижтимоий тармоқларда айрим фан ўқитувчиларининг аттестацияда тушган тест саволларидан норози эканлиги акс этган хабарлар тарқалди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов эса тест топширувчилар ўзининг балидан қониқмаган бўлса ёки берилган савол спецификациядан ташқари деб ҳисобланаётган бўлса, шунингдек у ерда хатолик бор деб ҳисобласа, аппеляция бериши лозимлигини эслатди. Аммо аттестация натижаларидан норози бўлган ўқитувчиларнинг шикоят аризаларига апелляция комиссияси томонидан деярли бир хил мазмундаги жавоблар юборилди. Бу эса педагогларнинг турли хил эътирозларига сабаб бўлди.

Кўплаб педагоглар бу ҳолатни ҳақиқатдан ҳам тест саволларининг ўта мураккаблиги, валидлик талабларига жавоб бермаслиги, айрим ҳолларда эса тестларнинг мавзуга алоқадор эмаслиги билан изоҳлади.
Педагоглар томонидан судга киритилган даъво аризасида аттестация жараёнларига оид 9 та эътирозли ҳолатлар келтирилган бўлиб, улардан энг асосий урғу тест саволларининг мураккаблик даражаси белгиланган вақт меъёрига мутаносиб эмаслиги ҳамда саволлар тузиш жараёнида валидлик ва тестология қоидаларига риоя этилмаганига қаратилган.
Шунингдек, даъво аризасида келтирилишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази апелляция комиссияси томонидан педагогларнинг шикоятлари асосли, ҳуқуқий ва далилий баҳоланмасдан, “асоссиз” дея топилиб, рад этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йилдаги 572-сонли қарорнинг 60-бандида апелляция комиссияси қарори нусхаси апелляция комиссияси қарори чиққан кундан эътиборан 5 кун муддатда мурожаат этувчи педагог кадрнинг шахсий кабинетига юборилиши белгиланган бўлишига қарамай, ушбу талаблар ваколатли орган томонидан бажарилмаган.
Нима талаб қилинмоқда?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига педагог кадрнинг билими нотўғри баҳолангани, ўқув фани бўйича тест ва малака синови материалларида хато ва камчиликлар борлиги, шунингдек, синовларни ўтказиш жараёнида ташкилий-техник жиҳатдан камчиликлар бўлгани сабабли аттестация имтиҳонларини қайта ўтказиш мажбуриятини юклаш, шунингдек педагогларга етказилган маънавий зарарни ундириш бўйича судга даъво аризаси киритилган.
Изоҳ (0)