Ўзбекистон ва Швеция ўртасида миграция соҳасидаги муҳим келишув имзоланди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев ва Швеция Миграция вазири Жоҳан Форсселл ўртасида Ўзбекистон ва Швесия миграция соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Конструктив мулоқотда, ноқонуний миграцияни олдини олиш, инсон ҳуқуқларни ҳимояловчи, қулай, шаффоф ташкиллаштирилган миграция механизмларини яратиш масаласи муҳокама қилинди.
Бугунги кунда Швециядаги демографик жараёнлар туфайли транспорт, қурилиш, саноат, тиббиёт, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кадрлар етишмовчилиги кузатиляпти. Ўзбекистон ушбу мамлакат меҳнат бозорига малакали мутахассисларни тайёрлаш ва олиб кириш учун етарли салоҳиятга эга.
Томонлар қуйидаги асосий ташаббусларни илгари сурди:
- икки мамлакат ўртасида марказлаштирилган рақамли платформа яратиш;
- қурилиш, логистика ва тиббий хизматлар йўналишларига иш берувчилар талаби асосида ўзбекистонлик юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва Швецияда бандлигини таъминлашга қаратилган пилот лойиҳаларини бошлаш.
Шунингдек, учрашув доирасида миграция ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик ҳақида қўшма декларация имзоланди, бу ҳамкорлик нолегал миграцияга чек қўйиш, ахборот алмашиш ва консуллик қўллаб-қувватлаш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Ишончим комилки бугун имзоланган тарихий ҳужжат, Ўзбекистон—Швесия муносабатларини янги босқичга кўтариш, ва келажакдаги фаол ҳамкорлигимиз учун муҳим қадам бўлди”, деди Швесия миграция вазири Жоҳан Форсселл.
2024 йилнинг июлида Миграцияси агентлиги ва Швеция Қироллигининг йирик иш берувчи компанияси раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилиб, унда иш берувчи компания фаолияти, мазкур давлатда ишлаб чиқариш, энергетика ва сервис соҳаларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда Ўзбекистонда меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича мавжуд тизим, агентлик фаолияти, миграция географиясини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот алмашилганди.
Изоҳ (0)