18 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Жанубий Кореяда 200 га яқин инсон умрига зомин бўлган метро ёнғини, АҚШ махфий маълумотларини тарқатган Wikileaks ҳамда Украина пойтахтидаги Майдонда намойишчиларнинг отилишига оид фактлар ўрин олган.
Метрода 200 га яқин инсонни ёқиб юборган телба
Жанубий Кореянинг Тегу шаҳридаги метрода 2003 йил 18 февралда содир бўлган ёнғин метро тарихидаги энг даҳшатли ҳалокатлардан бири ҳисобланади. Мазкур ёнғин оқибатида 198 киши ҳалок бўлган ва 147 киши жароҳат олган. Ёнғинни 56 ёшли руҳий касал Ким Дехан 1-вагонда уюштирган эди.
Ўт қўйган эркакнинг сўзларига кўра, у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, бироқ ёлғиз ўлишни истамагани учун бошқаларни ҳам шерик қилишга қарор қилади. Руҳий соғлиғида нуқсони бўлган Ким Дехан инсултга учрагунга қадар олти йил такси, юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Рафиқаси эколог бўлган, оиланинг бир қиз ва бир ўғли бор эди.
2001 йил апрелда у инсултни бошидан ўтказган ва натижада танасининг юқори ва пастки ўнг қисми ишламай қолган, натижада эркак депрессияга тушган. Ким Дехан ўзига кўрсатилган тиббий хизматдан қаттиқ норози бўлган ва ўзига қараган шифокорга ёмон даволагани учун касалхонани ёқиб юбориш билан таҳдид қилган. Унинг ўғлининг сўзларига кўра, Дехан ўлишни истаган, шу боис шифокор ва полициячидан ўзини ўлдиришларини сўраган.
Ким Дехан поезд вагонига сут учун мўлжалланган картон кўринишидаги қути билан кирган, унинг ичида бензин бор эди. Эркак ўт олдиргич ёрдамида уни ёқишга уринган вақтида қолган йўловчилар Деханни тўхтатишга уринган, аммо юзага келган тартибсизликда эркак ўт ёқишга улгуриб қолган.
Метродаги ёнғин тезда поезднинг қолган таркибларига ҳам ўтиб, станцияда турган бошқа поездларга ҳам зарар етказган. Станциядаги иккинчи поезд эшиклари ёпиқ бўлгани ва йўловчилар тузоқда қолиб кетгани боис унинг қурбонлари кўп эди. Ўт қўйган Деханнинг ўзи енгил куйиш жароҳатлари билан кифояланган.
Поезд оператори бўлиб ишлаган 31 ёшли Чхве Чжон Хван ёнғин ҳақида зудлик билан метро хизматини огоҳлантирмаган. Метрополитен диспетчер хизмати мониторларида тутунни кўрган эркак поезд оператори билан боғланиб, станцияда ёнғин чиққани сабаб эҳтиёт бўлиб ҳаракатланишни маслаҳат берган. 1080 рақамли поезд Жунгангно станциясидан чиқиб, тўрт дақиқадан кейин ёнғин чиққан 1079-сонли поезд олдига етиб келган. Эшиклар очилган, бироқ узоқ муддатга эмас, заҳарли тутун кирмаслиги учун эшиклар дарҳол ёпилган. 1080-сонли поезд етиб келиши билан автоматик ёнғиндан ҳимоя тизими ишга тушиб кетган ва иккала поездни ҳам электр таъминотидан узиб қўйган, натижада 1080-поезди ҳам ҳеч ерга ҳаракатлана олмаган.
Стенограммага кўра, 1080-сонли поезд оператори йўловчиларга уч маротаба мурожаат қилиб, раҳбарият билан боғланмагунича қимирламасдан ўтиришни буюрган. Шундан кейин оператор эшикларни очган ва қочиб кетган, аммо у асосий калитни ўзи билан олиб кетгани сабаб эшикларни ҳаракатга келтирадиган борт батареяларининг ўчиши юзага келган. Кейинроқ тергов давомида аниқланишича, 79 нафар йўловчи 1080-поезди ичида тузоқда қолган ва шу ерда ҳалок бўлган.
Ёнғинга қарши ҳимоя тизими таъминланмагани ҳам вазиятни кескинлаштирган эди. Тегу метросининг поездлари ўт ўчиргичлар билан жиҳозланмаган, станцияларда эса сприклерлар ва авариявий ёритишлар бўлмаган. Кўплаб қурбонлар тутун билан тўлган метро станциясида чиқиш йўлини қидираман деб бўғилиб ўлган. Авариявий вентиляция тизими ҳам носоз бўлиб чиққан.
Тегу туман суди 7 август куни иккала поезд операторига ҳам ҳукм чиқарган — улардан бири беш йилга, иккинчиси тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Метронинг бошқа уч нафар ходими ҳам ўз ишига масъулиятсиз ёндашгани учун шартли жазо олган. Ким Дехан ёнғин уюштиргани ва қотилликда айбланган. Прокурорлар ва жабрланувчиларнинг оилалалари ўлим жазосини исташган бўлса-да, суд бунинг ўрнига уни умрбод озодликдан маҳрум этган. Ким 2004 йил 31 август куни Чинджу шаҳрида сурункали касалликдан вафот этган.
АҚШ махфий маълумотларини тарқатган Wikileaks
2010 йил ғарбнинг бешта етакчи оммавий ахборот воситасида бир вақтнинг ўзида Вашингтон дипломатиясига оид маълумотлар эълон қилинган. АҚШ Давлат департаментига тегишли 251 287 та ҳужжатдан иборат махфий материаллар Америка ташқи сиёсати тўғрисида ёқимсиз манзарани ҳосил қилган. Бутун дунё бўйлаб АҚШ элчихоналарига келган телеграммалар Wikileaks интернет-платформаси орқали барчага ошкор бўлганди. Олдинлари ҳеч қачон журналистлар қўлига бунчалик кўп махфий маълумотлар келиб тушмаган.
Wikileaks’га Германияда Der Spiegel журнали шериклик қилган ва у содир бўлган воқеани “АҚШ ташқи сиёсатидаги йирик фалокат” деб таърифлаганди. Чунки сиздирилган маълумотлардан маълум бўладики, Вашингтон ўз дипломатларига БМТ ходимларини — ҳатто бош котибини ҳам кузатишни топширган. Wикилеаксъда чоп этилган материалларда араб давлатлари Эрон ядровий объектларига зарба беришни талаб қилгани, Пекин Шимолий Корея диктатори Ким Чен Ирга бошқа сабр қилишни истамаётгани ва дунёнинг кўплаб сиёсатчиларига берилган ўзига хос баҳоларни ўқиш мумкин эди.
Жулиан Ассанж Wikileaks’ни 2006 йилда ишга туширган, бироқ платформа орадан тўрт йил ўтгачгина муваффақиятга эришган. 2010 йил апрелида эълон қилинган видеода бундан уч йил олдин АҚШ армияси вертолётлари Боғдоддаги тинч аҳоли, жумладан, икки нафар Reuters журналистининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни қандай уюштиргани тасвирланган эди.
Халқаро ОАВлар билан ҳамкорликда эълон қилинган “Афғон уруши кундаликлари” ва “Ироқ иши” материаллари АҚШ Давлат департаменти ва Пентагоннинг асл юзини очиб берганди. 2011 йил кузда Wikileaks АҚШга келган барча дипломатик телеграммаларни эълон қилади.
Айнан Wikileaks сабаб араб давлатларида, масалан, Тунисда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва коррупция фактларига оид тафсилотлар маълум бўлган. Шунингдек, миллий ҳукуматларнинг асл мақсадлари оммага эълон қилган гап-сўзларидан мунтазам фарқ қилиб келгани аён бўлганди.
Wikileaks томонидан АҚШ ҳукумати қинғирликларининг фош этилиши ўз навбатида журналистикага ҳам таъсир ўтказмай қолмаган. Чунки мазкур воқеалардан кейин ОАВ соҳасида халқаро ҳамкорлик деган тушунча пайдо бўлган.
Платформа ўзини машҳур қилган 2010 йилдаги материалларни Челси Меннингдан олиб келган. У вақтларда эркакнинг исми Бредли Меннинг бўлган ва у АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий хизматчиси сифатида Америка администрацияси маълумотлар базасидан фойдалана олган.
“Агарда сизда мисли кўрилмаган махфий маълумотлар сақланадиган тармоққа кириш имконияти бўлса ва у Вашингтоннинг қоронғи сервер хоналарида эмас, балки жамоатчиликка эълон қилиниши керак бўлган нарсалар эканини билиб турганингизда нима қилардингиз?”, — дея сўраганди Меннинг америкалик хакер Адриана Ламодан. Шунингдек, у Давлат департаментига дунёнинг турли элчихона ва консулликларидан келган чорак миллион телеграммалар ҳақида гапирган.
Меннинг Ламога ишониш мумкин деб хато ўйлаганди: хакер информаторни сотиб қўйган. Тез орада у ҳибсга олинган ва ҳарбий суд эркакни 35 йилга озодликдан маҳрум этган, аммо етти йилдан кейин Челси Меннинг жинсини ўзгартирган ҳамда афв этилган.
Клинтоннинг ҳолат бўйича биринчи муносабатини 2010 йил 29 ноябрда Вашингтондаги нутқида билдириб, буни “халқаро ҳамжамиятга ҳужум”, деб атаган. Wikileaks’га Amazon’да хостинг берилмай қўйган; PayPal, Mastercard ва Visa платформага хайриялар амалга оширишни тўхтатган; Wikileaks сайтини бир неча бор ишдан чиқаришга уринишган; америкалик сиёсатчилар Wikileaks платформасини “террорчилик ташкилоти” дея атай бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ассанж 2019 йил апрелидан бери Лондонда ҳибсда сақланмоқда. Бунгача Ассанж унга сиёсий бошпана берган Эквадор элчихонасида етти йил яшаган. Ўша пайтда Британия суди уни Швецияга экстрадиция қилиш тўғрисида илтимосномани кўриб чиқаётган эди: у ерда Ассанж бир аёлни зўрлашда айбланган.
Аммо Wikileaks асосчиси аслида Швеция уни АҚШга топширмоқчи деб ишонган. Ассанж элчихонада яшаган вақтида Швециядаги айбловлар якунланган.
Ассанжни АҚШга топшириш бўйича тингловлар 2020 йил февраль ойида бошланган. Узоқ давом этган суд жараёнлари якунига кўра, 2022 йил 17 июнь куни Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишга қарор қилган.
АҚШда Ассанж 175 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. У махфий маълумотларни ноқонуний равишда олишда (17 пункт бўйича, ҳар бири учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган), шунингдек, компьютерга хакерлик ҳужуми (5 йилгача қамоқ жазоси) бўйича айбланган.
Майдонда намойишчиларнинг отилиши
2014 йил 18 февраль куни Киевда норозилик намойишчилари ва куч тузилмалари вакиллари ўртасида тўқнашув содир бўлганди. Ҳодиса оқибатида Украина президенти Виктор Янукович мамлакатдан қочиб кетган, Россия Қримни аннексия қилган ва мамлакат жануби-шарқида узоқ йиллардан бери давом этаётган можаро бошланган.
Украина ҳукумати томонидан Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида ассоциация шартномаси имзоланишининг тўхтатиб қўйилишига қарши оммавий норозилик 2013 йил ноябрида Киев марказида бошланган эди. Бир неча ой давомида оламонни тарқатишга уринишган, ноқонуний митинглар ўтказиш бўйича жавобгарликлар кучайтирилган, Виктор Янукович мухолифат билан музокаралар ўтказган ва ҳатто коалиция ҳукуматини шакллантиришга ваъда берган. Аммо 18 февраль куни вазият кескин тус олган.
Эрта тонгдан намойишчилар Майдондан Олий Рада томон ҳаракатланишни бошлаган — ташкилотчилар буни “тинчлик юриши” деб атаганди. У “майдончилар” ва куч тузилмалари вакиллари ўртасидаги тўқнашувларда айланиб кетган. Минглаб митингчилар Институт кўчаси бўйлаб ҳаракатланган, кейин ҳуқуқ-тартибот органларининг тўсиқларини босиб ўтган ва Украина ҳукумати ҳамда Олий Рада жойлашган Грушевкий кўчасига чиқиб борган.
Ўша куни юз берган тўқнашувлар давомида намойишчилар ичида ёнувчан суюқлик бор бутилкани Липск кўчасидаги Вилоятлар партияси офисига улоқтиради ва у ерда ёнғин юзага келади. Ҳодиса оқибатида офиснинг бир ходими ҳалок бўлган. Кечга бориб куч тузилмалари намойишчиларни Майдон ичига сиқиб борган, шундан кейин штурм бошланган — ҳукумат буни антитеррорчилик операция деб атаганди.
Баррикадалар ёнган. Майдон лагери ва намойишчилар ўз госпитали жойлашган Касаба уюшмалари уйида ёнғин чиққан. Майдондаги тўқнашув оқибатида 18 фаол ҳалок бўлган яна 500 нафари яраланган.
19 февралга ўтар кечаси туни билан қарама-қаршиликлар давом этган. Эрта тонгда намойишчиларга вилоятлардан етиб келган ёрдам кучлари қўшилган, улар майдон бўйлаб ўз позицияларини қайтариб олишга муваффақ бўлади.
Штурмдан кейин мухолифат етакчилари яна бир бор ўша вақтдаги прездиэнт Виктор Януковичнинг олдига музокарага борган. Учрашув якуни бўйича томонлар ярашишга келишиб олгани сабаб Майдонда бошқа штурм бўлмаслиги маълум қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, 18—19 февраль кунлари 17 нафар намойишчи ҳалок бўлган, уларнинг 200 дан ортиғи жароҳат олган.
20 февралга келиб Майдондаги вазият барқарорлашган, аммо тонгда Институт кўчасида яна тўқнашувлар юзага келган. Кейинроқ “Бургут” махсус кучлари Майдондан чекинишни бошлаган. Намойишчилар буни олдинга силжиш дея қабул қилиб, ҳаракатни давом эттирган.
Фаоллар кўча бўйлаб тепага кўтарилаётганида ўққа тутилган — ўнглаб инсонлар ҳодиса жойида ҳалок бўлган. Бу вақтга келиб Касаба уюшмалари уйидаги ёнғин ўчирилган. Вилоятлардан намойишчилар ортилган автобуслар келишни давом этган. Майдон саҳнасидан туриб Институт кўчасидаги отишмада кўпчилик яралангани маълум қилинган. “Евромайдон” сафарбарлик эълон қилади.
Шу куни намойишчилар нафақат Институт кўчаси ва Октябрь саройи олдида, балки Майдоннинг бошқа қисмларида ҳам ҳалок бўлганди. Киевга етиб келган Европа Иттифоқи делегацияси кун давомида мухолифат ва Виктор Янукович ўртасида музокаралар ўтказган. Музокаралар давом этаётган бир вақтда Институт кўчасида ўнлаб ўлим ҳолатлари қайд этилган.
21 февраль тонгида Виктор Янукович муддатидан олдин президентлик сайловларини эълон қилишга тайёрлигини билдирган. Шу куни куч тузилмалари ва махсус техникаларнинг катта қисми ҳукумат даҳасидан чиқиб кетган. Тушга бориб президент ва мухолифат етакчилари Европа Иттифоқи делегацияси ҳамроҳлигида инқирозни тартибга солиш тўғрисида битимни имзолаган. Намойишлар фонида Виктор Янукович кечга бориб қўриқчилари билан Харковга, у ерда Қрим орқали Россияга қочиб кетган.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, 2014 йил 18 февралдан 20 февралга қадар Майдонда 83 нафар фаол ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)