АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга ҳужум қилиш режасини махфий равишда маъқуллади, бироқ Теҳрон ядро дастуридан воз кечиши эҳтимолини ҳисобга олиб, зарба бериш тўғрисидаги якуний буйруқни ҳали бермади. Бу ҳақда муҳокамалар жараёнидан хабардор бўлган учта манбага таяниб The Wall Street Journal хабар берди.

Трамп АҚШнинг урушга аралашиши хавфи Эронни ядро қуроли бўйича талабларни бажаришга мажбур қилишига ишонмоқда. У Оқ уйда ҳарбий қўмондонлар билан учрашувдан сўнг журналистлар билан суҳбатда бу борадаги ҳарбий ечим эҳтимолини инкор этмаган.
Мен якуний қарор қабул қилишни айнан сўнгги сонияда амалга оширишни яхши кўраман. Чунки ҳамма нарса ўзгариб туради, айниқса, уруш пайтида...
Аралашишни хоҳламайман, лекин 20 йилдан бери, балки ундан ҳам кўпроқ вақтдан буён Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини айтиб келмоқдаман. Буни узоқ вақтдан бери таъкидлаб келяпман ва улар буни қўлга киритишларига бир неча ҳафта қолган, деб ўйлайман, деган Трамп.
Яқинда АҚШ президенти Эрондан сўзсиз таслим бўлишни талаб қилган эди. Бунга жавобан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий эронликлар чекинмаслигини маълум қилганди.
АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий аралашуви, шубҳасиз, улар учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарарга айланади, деган Хоманаий.
У Эрон ҳеч кимнинг “даъвати”га бўйсунмаслиги, “мажбурий уруш”га ҳам, “мажбурий тинчлик”ка ҳам қатъият билан қарши туришини айтган. 20 июнь куни Эрон ва Франция, Буюк Британия, Германия ўртасида ядровий музокаралар режалаштирилган. Европа давлатлари атом энергиясидан фақат тинчлик мақсадларида фойдаланишга қатъий кафолат беришни сўрайди.
Изоҳ (0)