Амазон компанияси асосчиси, миллиардер Жеф Безос икки ҳафтадан сўнг журналист Лорен Санчесга уйланади. Бу галги никоҳ маросими аввалгиларидан анча фарқ қилади.

Биринчи сафар Безос Amazonʼни Сиэтлдаги ижара уйининг гаражида очишидан бир йил аввал турмуш қурган эди. Маросим Вест Палм Бичда бўлиб ўтган, никоҳ шартномаси эса деярли тузилмаган эди. Натижада ажрашганидан кейин унинг собиқ рафиқаси Маккензи Скотт 165,3 миллиард доллар билан Ер юзидаги энг бадавлат инсонлар рўйхатида 38-ўринга чиқди. Бугун эса Безос анча бой ва унинг молиявий хавфсизлиги учун никоҳ шартномаси ҳар томонлама ўйланган тарзда пухта ишлаб чиқилмоқда.
Дунёнинг энг бадавлат учинчи одами сифатида Безос ўзининг юристлар жамоаси ёрдамида никоҳ шартномасини тузди. Безос ва Санчес 2023 йилда Канн соҳилларида 500 миллион долларлик яхтада унаштирилди. Безос имкон топилса, ҳозироқ уйланар эди, аммо унинг адвокатлари барча ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштирилмагунча бунга йўл қўймаяпти.

Оила ҳуқуқи бўйича мутахассис, адвокат Алфонсо Провинсианонинг таъкидлашича, шартноманинг асосий қисми Безоснинг турмуш қуришдан олдин тўплаган улкан бойлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Ҳужжатда Безосга тегишли барча бизнес активлари ва мол-мулкнинг тўлиқ рўйхати кўрсатилади ҳамда улар Санчесга алоқаси бўлмаган шахсий мулк сифатида қайд этилади.
“Бундай шартномаларда умумий қоидалардан бири шуки, агар эр-хотин бирга ишласа ёки иккинчи томоннинг сармояси киритилса ҳам, активлар фақат бир томонга тегишли мулк бўлиб қолаверади. Бундай шартномалар жуда мураккаб бўлиши мумкин, чунки ҳар бир тафсилот очиқ ва тўлиқ баён қилиниши шарт”, дейди Провинсиано.

“Жараён узоқ давом этади ва одатда ҳар икки томоннинг юрист жамоалари иштирок этади. Аслида, Санчес томонидаги юристларга ҳам Безос тўлов қилиши мумкин, лекин улар фақат Санчес манфаатини ҳимоя қилади. Шу сабабли узоқ музокаралар ўтказилмоқда ва икки томон ҳам рози бўладиган якуний матн тайёрланмоқда”, дея қўшимча қилди у.
Бундай даражадаги молиявий келишув, албатта, ўта мураккаб ва юқори даражадаги юридик ҳамда молиявий маслаҳатчилар иштирокида бўлади. Жараён фақат АҚШда эмас, балки Безос активлари жойлашган бошқа мамлакатларда ҳам олиб борилади. Интернетда эса буни ҳазиломуз тарзда “чексиз” никоҳ шартномаси деб аташмоқда.

“Бадавлат оилаларда никоҳ шартномасини тузиш бир неча ой давом этиши мумкин. Бу вақт мобайнида ҳар бир мол-мулк баҳоланади, юридик музокаралар олиб борилади, шартномалар эҳтиёткорлик билан тузилади. Жараён шаффоф ва адолатли бўлиши керак”, дейди Провинсиано.
Қоғозбозлик ва ҳуқуқий мураккабликларга қарамай, Безос ва Санчес тўйга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Маълумотларга кўра, Безос деярли бутун Венецияни ижарага олган. Уч кунлик байрам учун миллиардер бешта ҳашаматли меҳмонхонани банд қилган ва ҳаттоки оролдаги черковни ҳам ижарага олган. Тўй меҳмонлари орасида Элтон Жон ва Леди Гага бўлиши, улар тантанада жонли ижро билан иштирок этиши айтилмоқда. Тўйнинг ўзи эса, эҳтимол, Безоснинг 500 миллион долларлик Кору яхтасида ўтади. Бу кема шу даражада улкан ва дабдабалики, унга ҳамроҳлик қилувчи 75 миллион долларлик яна бир яхта керак бўлади. Иккала яхта ҳам Венеция марказида тўхтамайди, чунки уларнинг ўлчами шаҳар экотизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Изоҳ (0)