Бугун, 3 май Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ушбу кун муносабати билан фикрларини ёзиб қолдирди.

Шерзод Асадов ушбу сана яна бир бор дунё ҳамжамияти эътиборини демократиянинг асосий устунларидан бири — сўз ва матбуот эркинлиги масалаларига қаратишини таъкидлади.
“Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фикр эркинлигини таъминлаш, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлаш тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу стратегия инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат халққа хизмат қиладиган очиқ ва адолатли жамият қуришга қаратилган.
Кучайиб бораётган глобал таҳдидларга қарамасдан, биз демократик институтларни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқдамиз. Дунёдаги сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, зиддиятларнинг кескинлашуви ва дезинформациянинг кучайиши шароитида Ўзбекистон журналистика, холис мулоқот ва фикрлар хилма-хиллигини ривожлантириш учун зарур шароит яратиш сиёсатига содиқ қолмоқда.
Афсус билан тан олиш керакки, бугунги кунда ҳатто анъанавий равишда демократия таянчи ҳисобланган мамлакатларда ҳам сўз эркинлиги ғояси кўпинча сиёсий, тижорат ёки мафкуравий манфаатлар босими остида қолмоқда. Очиқ журналистика ўрнини нохолис ёндашув эгаллаб, “сўз эркинлиги” тамойили ўзининг асл қийматини тобора йўқотиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқаро ташкилотларнинг таҳлилларига кўра, 2025 йилда дунёдаги умумий вазият илк бор “мураккаб” даражага тушиб кетгани соҳадаги аҳволнинг тобора ёмонлашиб бораётганидан далолат беради”, деб ёзади Шерзод Асадов.
Президент матбуот котиби шу боис жамиятда журналистнинг профессионал меҳнати ҳурмат қилинадиган, факт ва ҳалоллик қадрланадиган, мулоқот очиқликка асосланадиган муҳитни сақлаб қолиш ва ривожлантириш айниқса муҳимлигини таъкидлади.
“Бу кунда журналистлар, блогерлар, муҳаррирлар, операторлар, техник ходимларга — ҳар куни маърифат ва ахборот улашиш, воқеаларни холис ёритиш йўлида хизмат қилаётган барчага чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз.
Масъулиятингиз, жасоратингиз ва касбингизга садоқатингиз учун ташаккур. Сизларга янги ютуқлар, мустаҳкам соғлиқ ва ижодий илҳом тилаймиз!”, деб ёзган Шерзод Асадов.
Изоҳ (0)