Рақобат қўмитаси умра ҳақида ноқонуний реклама жойлаштирганлар жаримага тортилганини маълум қилди.

Қўмита томонидан ОАВ ва интернет тармоқларида жойлаштирилган материаллар “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилган. Жумладан, туроператорлар томонидан умра тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид рекламаларнинг қонунийлиги текширилган.
Ўрганишлар натижасида Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан, жами 4 та — Mirabelle travel, Ketdik tour, Ayattour, Tavakkalna travel МЧЖлари туроператорлар томонидан лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштирилгани ва бу билан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг талаблари бузилгани юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, якунлари юзасидан молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, қўмитанинг Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан, жами 5 та — Жат Travel Instagram саҳифаси, “Фарғона умра”, “Саудияга саёҳат”, “Азиз туризм”, “Сардор туризм” Telegram каналлари админлари томонидан берилган рекламаларда ҳам юқоридаги каби қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шу билан биргаликда, 12 дан ортиқ лицензияга эга бўлмасдан реклама материаллари тарқатаётган ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга аниқлик киритиш мақсадида ИИВ Киберхавфсизлик марказига маълумот киритилди.
Қўмитанинг билдиришича, ушбу ўрганиш якунлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш
2024 йил июлида Ўзбекистонда умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди. Ҳукумат қарори билан лицензия талаб ва шартлари жорий этилган. Лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан умра хизматларини кўрсатганлик учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 миллион сўм) этиб белгиланган.
Изоҳ (0)