Ўзбекистон биринчи президентининг набираси ва таниқли блогер Марям Тиллаева Россиянинг “ТНТ” телеканалида 2025 йилда намойиш этиладиган янги психологик реалити-шоу — “Ўйин устаси” (“Мастер игри”) лойиҳасида иштирок этади.

Ўйин шартларига кўра, 22 нафар шахс Марокашдаги ҳашаматли виллага жойлаштирилади. У ерда иштирокчилар турли тест ва синовлардан ўтиб, умумий банкка пул ишлаб топишлари ва ҳар куни мураккаб қарорлар қабул қилишлари керак бўлади. Ўйинчилар икки гуруҳга бўлинади: уларнинг аксарияти “яхшилар” бўлиб, уларнинг вазифаси уч нафар “ёвузлар”ни фош этишдир. “Ёвузлар”нинг шахси барчага номаълум бўлади ва улар рақибларни йўқ қилишга уринади. Ҳар куни икки иштирокчи лойиҳани тарк этиб боради.
Мен одатда ғоялар учун курашишга ўрганганман, лекин “Ўйин устаси” лойиҳаси мен учун бутунлай бошқача шоу. Унда сиз нимадир учун эмас, ким биландир курашасиз. Кимдир аввалига мен сен биланман, дейди, аммо орадан бир соат ўтиб сенга қарши овоз беради. Ўйин моҳияти ким кучлироқ эканлигида эмас, балки инсонлар психологияси, ички овоз ва ўзингизга бўлган ишончдадир, дейди Марям Тиллаева.
Иштирокчилар орасида россиялик таниқли шахслар, жумладан, актёрлар Денис Власенко ва Леон Кемстач, блогер Женя Ершов, продюсер Александр Толмацкий, шунингдек, “Экстрасенслар жанги” шоуси юлдузлари Илья Ларионов, Дмитрий Матвеев, Никита Турчин, Саманта Адам, Никол Кузнецова ва Наталя Бантеевалар бор.

“Ўйин устаси” ролини “Уста ва Маргарита” ва “Оқ нилуфар” сериалларида рол ўйнаган актёр Юрий Колоколников ижро этади. Ўйинга аралашиб, қоидаларни ўзгартириб турувчи “жокер” ролини эса хонанда Филипп Киркоров бажаради.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2011 йилдан бери “ТНТ” каналининг эфири чекланган. Бунга расмий баёнотлар берилмага бўлса-да, норасмий сабаб сифатида каналдаги “ахлоққа зид дастурлар” кўрсатилган.
Изоҳ (0)