Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Сергели туман Ички ишлар бошқармасида фуқаро Жавоҳир Қурбонов қийноққа солингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. ИИББ ҳолат юзасидан барча тафсилотларни очиқлади.
Унда айтилишича, 2025 йил 8 февраль куни Сергели тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан соат 16:00 ларда қора Gentra ҳайдовчиси шубҳа уйғотгани сабабли текшириш учун тўхтатилган.
Машинада бўлган муқаддам судланган шахслар ходимларга фаол қаршилик кўрсатган ва турли томонга қочишга уринган.
Далилларга кўра, 1988 йилда туғилган Ж. исмли шахс қўлида катта миқдордаги дорилар борлиги аниқланган. Суд экспертиза хулосаси бу дорилар кучли таъсир қилувчи эканини кўрсатган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Экспертиза хулосасига кўра фуқаро Ж. ўнг оёқ панжаси 5-панжа суяги асосидан ёпиқ синиб, қониқарли туриши ташхиси қўйилган. Аммо у бу жароҳатни ходимлардан қочиш вақтида ўз эҳтиётсизлиги оқибатида олган.
Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили назоратига олинди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратурага омбудсман талабномаси киритилди.
Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўраган.
Ҳибсда вафот этаётганлар иши
18 март куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида сенатор Ҳусан Эрматов президентнинг тегишли қарорига кўра, сўроқ жараёнини стенограмма қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган хоналарни ташкил этиш бўйича ишлар қай даражада экани юзасидан ИИВ масъулларига савол берди. Саволга ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи Шерзод Шерматов жавоб берди. Унинг айтишича, бугунги кунда департамент ва унинг ҳудудий бўлимларида тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган 57 та махсус хоналар ташкил этилган.
Февраль ойида Сурхондарёда сўроққа олиб кетилган фермер вафот этган, ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 яшар маҳкум — Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади чиққан эди.
Маълумот учун, қийноқ оқибатида келиб чиққан ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Унга кўра, Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ 235-модда 3 ва 4-қисм билан тўлдириляпти:
- ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
- ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)