Ўзбекистонда жорий йилнинг I чораги давомида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 162 665 нафар шахсга нисбатан 138 557 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, 105 418 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.

Қайд этилишича, ярашгани муносабати билан 19 201 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод этилди. Кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг аксариятини
- майда безорилик,
- ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик,
- автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш,
- электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш,
- ҳақорат қилиш,
- транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши,
- савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш,
- жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш,
- транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш,
- совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.
Апелляция тартибида 1924 нафар шахсга нисбатан 1 632 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 637 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 577 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Кассация тартибида 2 540 нафар шахсга нисбатан 2 380 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 1 021 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 625 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 467 нафар шахсга нисбатан 420 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 102 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 83 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
2024 йилда содир этилган жиноятлар статистикаси
Ўзбекистонда 2024 йилда 132 298 та жиноят содир этилган. Содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилган. Қидирувдаги шахсларнинг 8 736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган.
Бундан ташқари, 3 880 нафар шахслар томонидан содир этилган 3 293 та коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 239 млрд 584 млн сўм миқдоридаги зарар ундирилиши ҳамда одам савдоси жиноятини содир этган 219 нафар шахсга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.
Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 199 тадан тўғри келган. Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда.
Айтилишича, олди олиниши мумкин бўлган жиноятчиликнинг асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган. Бундан ташқари, жиноятларнинг 7 мингдан ортиғи ишсизлар томонидан содир этилгани, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам самарали ҳал этилмаётганини айтиб ўтилди. Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 мингта жиноят содир этилгани ва уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқлиги танқид остига олди.
Изоҳ (0)