Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов Япония парламентининг Вакиллар палатаси депутати, парламентнинг Иқтисодиёт, савдо ва саноат қўмитаси бош директори Ёшихиро Секи билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида депутат Ёшихиро Секи Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида қатнашиш ва Япония делегациясига раҳбарлик қилиш имкониятига эга бўлганидан мамнун эканлигини билдирди. Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон президенти томонидан олиб борилаётган жадал ислоҳотлар, жумладан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида илгари сурилган муҳим ташаббуслар, фаол ва прагматик ташқи сиёсат, жамиятда парламент ролини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади.

"Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши ва мамлакатнинг халқаро парламент дипломатиясидаги ўрни тобора ошиб бораётганидан далолат беради. Япония Ўзбекистон билан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва туризм йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда", деди у.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда яратилган қулай инвестициявий муҳит натижасида мамлакатда тўғридан тўғри япон сармоялари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар сони ошиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Изоҳ (0)