Депутатлар транспорт вазирига Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Фарғона автомобиль йўллари қурилиши юзасидан сўров юборди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга “Глобал транспорт-логистика тармоқларига Ўзбекистон Республикасининг интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизими самарадорлигини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.
Хабарга кўра, соҳада ишларни изчил ташкил этиш ва натижадорликка эришиш борасида айрим камчиликлар ва муаммолар мавжуд. Жумладан, Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Фарғона водийси йўналишларида давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларини қуриш ишлари пайсалга солиб келинмоқда. Ушбу автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаси хорижий компанияларга топширилган бўлиб, бу лойиҳалар бугунги кунда ҳам якунига етказилмасдан қолмоқда.
Бундан ташқари, самарадорлиги паст бўлган ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва ишончли бошқарувга бериш ишларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Бу борада Қатар, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Германия, Корея ва Аргентина каби давлатларнинг компаниялари билан музокаралар ўтказилган бўлса-да, бирор амалий натижага эришилмаган.
Шундан келиб чиқиб, мажлисда Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Фарғона водийси йўналишларида давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларини қуриш лойиҳаларини якунига етказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати, самарадорлиги паст бўлган ҳудудий аэропортларни давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва ишончли бошқарувга бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида транспорт вазирига парламент сўрови юборилди.
Изоҳ (0)