Ижтимоий тармоқларда дарахтга осилган кучук видеоси тарқалди. “Меҳр ва Оқибат” мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
Келтирилишича, видеода акс этган ҳолат 2024 йил 17 ноябрь куни Қумқўрғон тумани “Тайфанг” маҳалласида яшовчи вояга етмаган 11-синф ўқувчиси Э.Э. томонидан Instagram тармоғига жойланган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш вақтида, видеодаги ит 2023 йил куз фаслининг сентябрь ойларида “Тайфанг” маҳалласида яшовчи О.Б. уйи атрофида дайдиб юриши ва паррандаларни еб кетгани аниқланган.
Шу сабабли О.Б. ва унинг қўшниси Х.Қ. томонидан ит ушланиб, дарахтга осиб ўлдирилган. Шу ердан ўтиб кетаётган фуқаро телефонида буни видеога олган.
О.Б. ва Х.Қ.нинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлса-да, 36-модда 1-қисмида кўрсатилган маъмурий жазо қўллаш муддатлари ўтиб кетгани сабабли ишнинг мазкур қисми ҳаракатдан тўхтатилгани маълум бўлди.
Э.Б. ўзининг Instagram профилида дарахтга осиб ўлдирилган ит видеосини жойлаб, 189-1-моддада келтирилган ҳуқуқбузарликни амалга оширган бўлсада, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш ёшига етмагани сабабли унинг онаси Д.Р.га нисбатан 47-модда 1-қисмига асосан маъмурий иш ҳужжатлари тўпланиб, Болалар масалалари бўйича комиссияга юборилган.
Бундан аввал Самарқандда фуқаро қабристондаги тулки уясини ковлаб, болаларини олгани аниқланганди. Бунга сабаб қилиб уйидаги паррандаларни еб кетаётгани кўрсатилган.
Изоҳ (0)