Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги хонадонларнинг биридан эшак ҳайвони териси ва гўшт маҳсулотлари олингани ҳақида видео тарқалди. Вилоят ИИББ матбуот котиби ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Унда айтилишича, бу ҳолат Оққўрғон, Оҳангарон туманларидаги суриштирувлар Нурафшон шаҳрида давом эттирилгани ортидан аниқланган. Тадбир давомида эшак терилари ва гўшт маҳсулотлари далилий ашё сифатида олинган.
Текширувлар якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши айтилди.
Бундан бир ой олдин Тошкент вилояти ИИББ Карантин тадбирларини ташкил этиш бўлинмаси ва ҳамкорликдаги ташкилотлар томонидан аҳолини хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш йўналишида назорат тадбирлари ўтказилган эди.
Оққўрғон туманида эшак суякларининг сувга ташлаб кетилаётгани ҳолатидан бошланган тадбир Оҳангарон туманида давом эттирилиб, 3 нафар шахс гумонланувчи сифатида ушлангани ва терговга қадар суриштирув олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган.
Аввалроқ тармоқларда Сурхондарё вилоятида фуқароларнинг эшак сўйгани айтилган ва ҳайвонлар жасади кўринган видео тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари бу эски видео эканлигини билдирган.
Маълумот учун, эшак териси ва ичаги тиббиётда субтовар сифатида фойдаланилади. Қонунчиликда эшак гўштини истеъмол қилиш ёки сотганлик учун жавобгарлик йўқ. Фақат эшак гўштини бошқа ҳайвон, масалан, мол гўшти деб сотганлик учун жавобгарлик мавжуд.
Изоҳ (0)