Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган.
Шу сабабли мавжуд вазият қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини тақозо этмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилмоқда.
Эндиликда ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 баравари (3 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилса БҲМнинг 50 баравари (18 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима қўлланади.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш даврида атмосфера ҳавосига тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишининг олдини олади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)