АҚШда H5N1 парранда гриппидан илк ўлим қайд этилди. Бу ҳақда Луизиана штати Соғлиқни сақлаш департаментига таяниб, CNN хабар берди.
Вафот этган шахс 65 ёшда бўлган, унинг ёндош касалликлари ҳам бор эди.
“Бемор ҳовлида уй паррандалари ва ёввойи қушлар билан алоқада бўлганидан сўнг грипп билан касалхонага ётқизилган”, дейилади хабарда.
Луизианалик эркак парранда гриппининг D1.1 штамми билан касалланган. Бу штамм сут берувчи ҳайвонлар орасида айланаётган вариантдан фарқланади.
“Ўзингизни ва оилангизни H5N1 дан ҳимоя қилишнинг энг яхши усули — вирус манбаларидан сақланиш, яъни парранда гриппи билан касалланган ёки касалланиши мумкин бўлган ёввойи қушлар ҳамда бошқа ҳайвонлар билан тўғридан-тўғри контактдан қочишдир”, дейди Луизиана соғлиқни сақлаш департаменти.
Парранда гриппи АҚШда илк бор 2022 йил январда Жанубий Каролина штатидаги ёввойи қушларда аниқланган, ўша йилнинг июлида эса вирус Калифорнияда қайд этилган. 2024 йил мартида Техас ва Канзас штатларида сигирлар орасида инфекция ҳолатлари ҳақида хабар берилган. Шундан сўнг, АҚШнинг 10 штатида 66 нафар одамда касалланиш ҳолати тасдиқланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2003 йилдан буён бутун дунёда 900 га яқин одамда парранда гриппи билан касалланиш ҳолати қайд этилган ва уларнинг қарийб ярми вафот этган.
Изоҳ (0)