Польшада парранда гриппининг йирик эпидемияси қайд этилди, бу мамлакатдаги 16 та маъмурий бирликдан 15 тасига таъсир қилди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.
Хабарларга кўра, ҳукумат олти миллионга яқин товуқ, ғоз, курка ва ўрдакларни йўқ қилишни режалаштирмоқда.
«Биз бундай инқирозга биринчи марта дуч келдик. Аввалроқ эпидемиянинг энг кўпи билан 65 та ўчоғи қайд этилган эди, ҳозир эса улар 200 дан ошди», — деди Польша Паррандачилик ассоциацияси вакили Анжей Данеляк.
Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, ушбу эпидемия парранда гўшти нархининг ошишига олиб келади, чунки эпидемия сабабли паррандачилик саноати катта йўқотишларга дуч келмоқда. Баъзи фермаларни ёпишга тўғри келди.
Маълумот учун, февраль ойида Жанубий Корея ҳудудида ҳам уй паррандалари орасида парранда гриппининг юқори патогенли штаммининг 101 та ўчоғи аниқланган эди.
Шунингдек, Россияда парранда гриппининг одамга юқиши билан боғлиқ биринчи ҳолат аниқланди. Вирус Россия жанубидаги парранда фабрикасининг етти нафар ходимида қайд этилган, у ерда 2020 йил декабрида бир бош паррандалар орасида парранда гриппи авж олган эди.
Мавзуга доир:
- Парранда гриппи сабаб Англияда 40 мингга яқин курка йўқ қилинди, Японияда эса 140 мингга яқин товуқ ўлдирилади
- Қозоғистоннинг тўртта ҳудудида парранда гриппи тарқалди
- Хитойда чўчқа гриппининг янги штамми аниқланди. У янги пандемияни юзага келтириши мумкин
- Хитойда парранда гриппи ҳам кенг тарқалаётгани маълум қилинди
Изоҳ (0)