Ўзбекистон мусулмонлари идораси олий диний таълим муассасалари яна биттага кўпайганини эълон қилди.

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан Термиз шаҳрида 2020/2021-ўқув йилидан ўрта махсус ислом таълим муассасаси ташкил этилган бўлиб, 2023/2024-ўқув йилида илк битирувчилар мазкур таълим муассасасини тамомлади.
Ўрта махсус ислом таълим муассасасининг узвий давоми сифатида Имом Термизий номидаги ислом институти Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Таълим муассасасида ўқиш муддати 4 йил бўлиб, бакалавр даражасидаги олий диний маълумотли ҳадис илмлари, диний фанлар ва араб тили бўйича мутахассислар тайёрланади.
Имом Термизий номидаги ислом институтига 2024/2025-ўқув йили учун қабул эълон қилинган. Ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 14 августдан 20 августга (шу куни ҳам соат 18:00 гача) қадар давом этади.
2019 йилда Термизда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилганди.
Изоҳ (0)