Бугун, 22 август куни Туркманистонда президентлар Шавкат Мирзиёев, Илҳом Алиев ва туркман халқи миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов учрашди. Мулоқотда савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, энергетика ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Музокаралар якунида томонлар учала давлат ўртасида қўшма баёнот қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, етакчилар ҳузурида транспорт ва логистика, кемасозлик ва фуқаро авиацияси соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар, Товар-хом ашё биржалари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.

Жорий йил 5 август куни Туркманистонда БМТнинг денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича 3-конференцияси ўтказилганди. Анжуман доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтган. Учрашувда минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилган.
Мулоқотда энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилган. Амалий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун мазкур форматдаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинган.
Изоҳ (0)