UzAuto Motors компанияси микросхемалар етишмовчилиги туфайли GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи Humax корхонаси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатгани оқибатида 19 январь кунидан аввал тузилган шартномалар бўйича Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари Humax компанияси томонидан компонентларни етказиб беришдаги узилишлар сабабли мижозларга магнитоласиз етказиб берилишини эълон қилди. UzAuto Motors автомобилларни етказиб бериш муддатининг узайиши, конвеерларнинг тўхтаб қолиши ҳамда ишчи ўринларнинг қисқаришининг олдини олиш мақсадида бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилар томонидан бундай шароитларда амалда қўлланилган ягона тўғри қарор – автомобилларни магнитоласиз ишлаб чиқаришга ўтган. Бунда аввал компания 2021 йилнинг октябрь ойида яримўтказгичлар танқислиги сабаб Cobalt’ни харидорларга ўриндиқ иситиш модулисиз, 1 миллион сўмга арзонроқ етказиб беришни бошлаганди. Дунёдаги кўплаб автомобиль ишлаб чиқарувчилар COVID-19 пандемияси бошланганидан буён микрочиплар етишмовчилигидан ҳар томонлама зарар кўрмоқда. 2022 йил 22 январда яримўтказгичлар етишмаслиги сабаб Япониянинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси Toyota дунё бўйлаб барча заводларини ёпишини эълон қилган.

Автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналар яримўтказгичлар инқирози сабаб жуда оғир аҳволда қолган: улар ишлаб чиқаришни тўхтатиши ёки автомобиллар ишлаб чиқаришни кескин камайтириши ёхуд комплектацияни қисқартириши зарур. Қуйида муаммони ҳал этиш учун комплектацияни қисқартириш йўлидан юрган корхоналар ҳақида маълумотларни тақдим қиламиз.

Фото: Xombit

Одатда автосаноат вакиллари ҳайдовчи ёки йўловчига қўшимча қулайлик берадиган қурилмалардан воз кечади. Лекин гоҳида фаол хавфсизлик тизимини рад этиш каби ўта кутилмаган қарорлар ҳам қабул қилинган. Гарчи ўта жиддий мисол бўлмаса ҳам, кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлардан бошлаймиз.

Қувватлагич ва гаджетларсиз Tesla

Илон Маскнинг автомобиль компанияси мижозлар билан ишлашдаги ўзгача ёндашуви билан танилган. Можаронинг жиддийлашишида ҳам айнан шу фактор муҳим рол ўйнаган — 2021 йил ноябрь ойида Моdel 3 ҳамда Y моделлари харидорлари узоқ кутган электромобилларини қабул қилиб олганларидан кейин ҳайрон қолишди. Уларнинг айримларига машинанинг салонида ҳамма қурилмалар ҳам бўлмаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган ҳам. Аниқроқ айтганда, электромобиллар ўз эгаларига USB-C ҳамда симсиз қувватлаш функциясисиз тақдим қилинган.

Фото: «Маtador.tech»

Пули тўланган ушбу эҳтиёт қисмларининг берилмаганига электрон компонентларнинг етишмовчилиги сабаб бўлган, муаммо Tesla’ни ҳам четлаб ўтмаган. Кейинчалик компания конвейрда ўрнатилмаган қурилмаларни бепул қўйиб беришини эълон қилган. Аммо мижозларнинг аксарияти ишлаб чиқарувчининг бундай қарорга келганини, яъни мижозларни электромобил буюртмаси амалга ошаётган вақтда огоҳлантиргани оқибатида интернетда ҳолат бўйича салбий изоҳ, норозиликлар кўпайиб кетди.

Tesla етказиб берган электромобилларнинг қанчаси симли қувватлагич ва смартфонларни симсиз қувватлаш модулисиз ишлаб чиқарилгани номаълум. Аммо бу Tesla компаниясида биринчи марта кузатилаётган ҳолат эмас. Аввал ҳам 3 ва Y моделларида ҳайдовчи ёнидаги йўловчи ўриндиғини умуртқа поғонаси учун қулайлаштириш функциясисиз электромобиллар етказиб берилган.

Lada Granta ва хавфсизлик

Россия автокорхонаси бир вақтнинг ўзида истеъмолчиларни ҳам хурсанд қилган, ҳам чалкаштирган. 2021 йил сентябрда компания Lada Granta русумли автомобилларда динамик стабилизация тизими пайдо бўлишини эълон қилган. Бироқ бир ой аввал завод бунга тескари хабар билан истеъмолчиларни хафа қилганди.

Фото: «Маtador.tech»

Корхона матбуот хизмати тез орада энг яхши бюджет моделининг, максимал соддалаштирилган варианти ишлаб чиқарила бошланиши ва у тормоз кучланишларининг тақсимлагич тизимисиз (EBD), антиблокировка системаси (АBС) ҳамда Era-Glonass комплектисиз бўлишини маълум қилди. Микрочипларнинг бундай қисқартирилиши «ВАЗ» компаниясига нафақат яримўтказгичлар инқирози даврида Granta’ларни қалаштириб ташлашига, балки автомобилнинг арзонлашишига ҳам олиб келади. Бундай комплектациядаги модель қарийб 30 минг рубль чегирма билан тақдим қилиниши кутилганди.

Фото: «Маtador.tech»

Granta’дан ташқари «АвтоВАЗ»да бошқа моделларни ишлаб чиқаришда ҳам муаммолар кузатилди. Масалан, Vesta энди Comfort Light комплектациясида тақдим қилинмоқда, бу нима дегани? Автомобиль бошқарув чамбараги, яъни рулда мультимедиа тизими, круиз-назорат ва тезликни чеклаш тугмалари бўлмайди, машина нархи ҳам 11 минг рублга пасаяди. Лекин ушбу қарор микрочиплар етишмовчилиги туфайли қабул қилинмаган бўлиши мумкин. Завод вакиллари бундай комплектация машинадаги магнитолани ёқтирмайдиган, унинг ўрнига бозордан бошқасини харид қилиб, ўрнатиб олишга одатланган харидорларга манзур келади. Бошқа бир нуқтаи назарга кўра эса ишлаб чиқарувчи ушбу йўл билан машина нархининг ошганини хаспўшлашга уринган, сабаби бир-икки ой аввал шу нархга одамлар Full комплектацияни сотиб олаётганди.

Glonass

Россиядаги яна бир локал воқеа — Евросиё иқтисодий комиссияси янги автомобилларга Era-Glonass моделларини вақтинча ўрнатмаслик ҳақида қарор чиқарди. Уни ўрнатиш 2017 йилдан бери мажбурий тартибда амалга оширилган, бироқ электрон компонентлар етишмовчилиги даврида фавқулодда хизматларга автоматик чақирувни амалга ошириш блокларида ҳам инқироз кузатилган. Шунинг учун ҳам машиналарни юкламалардан озод қилиш мақсадида амалдорлар автосаноат корхоналарига маҳсулотни ушбу қурилмасиз чиқаришга рухсат берди.

Фото: «Маtador.tech»

Мазкур янгиликнинг ёмон томони — автомобиллар нархлари ушбу қурилма ўрнатилмаса ҳам арзонлашмайди. Модуллар машина таннархига киритилган ва дилерлар уларни кейинроқ ўрнатиб бериш мажбуриятини зиммасига олган. Россия машина бозори харидорлари келажакда ушбу жараён бепул амалга оширилишига умид боғлаган. Era-Glonass модулларининг ўрнатилиши микрочиплар етишмовчилиги даврида фақат хавфли юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари учун мажбурий этиб белгиланган.

General Motors тежамкорлик ва экология двигателини олиб ташлаган

Йўқ, бу Ўзбекистондаги GM эмас. Америка моторлари ҳеч қачон тежамкорлик билан оламга танилмаган, лекин бу ишлаб чиқарувчи ўз машинасининг иштаҳасини карнай қилиб юбориши кераклигини англатмайди. Масалан, General Motors концерни двигателлари машинанинг барқарор тезликда ортиқча юкламасиз ҳаракатида бир нечта цилиндрларини ўчириб қўяди. Агрегатларнинг охирги авлодларида ушбу тизим интеллектуаллашган ва анча илғор компьютер орқали бошқарилади.

Фото: «Маtador.tech»

Шунга қарамай, микросхемалар дефицити GM’ни ишчи ҳажмни 100 километр учун соатига 6,2 литрдан 5,2 литрга тушириб берадиган Active Fuel Management (АFМ) блокларидан воз кечишга мажбур қилди. Компания баёнотига кўра автомобилларнинг экологик кўрсаткичлари ҳам АҚШнинг тегишли стандартларида белгиланган чегарадан чиқмайди. Бироқ энди мижозлар трассада ёқилғининг 10 фоизли иқтисодини эсдан чиқаришига тўғри келади. Келажакда ҳозир сотиб олинган машиналарга АFМ’ни имтиёзли асосда ўрнатиш ёки ўрнатмаслик масаласи ҳам очиқ қолган.

2021 йил июндан бошлаб бундай двигателли GM машиналар старт-стоп функциясидан ҳам маҳрум бўлган.

Сенсор дисплейларсиз АҚШ BMW’лари

АҚШдаги Жанубий Каролина штатида Спартенберг округидаги BMW заводи бир қатор моделларга сенсор экранларини жойлаштирмаслик ҳақида қарор чиқарди. Бу чеклов «учлик», «тўртлик» ва Х5, шунингдек, Z4 русумли BMW’ларга тааллуқли.

Фото: «Маtador.tech»

Tesla’дан фарқли равишда немис компанияси мазкур машина комплектацияларига буюртма бериб бўлган харидорларни огоҳлантириш учун анча меҳнат қилди. Компенсация тариқасида уларга сенсорли дисплейнинг бошқа моделга тааллуқли қурилмасини ўрнатиш учун 500 долларлик чегирма тақдим қилинди.

«Пежо» учун эскирган ускуналар

Stellantis корпорацияси ҳам ўтган йили баҳорда BMW АҚШ бўлинмасига ўхшаш қарор қабул қилганди. 2021 йил майдан бошлаб Франциянинг Сошо шаҳрида чиқадиган Peugeot 308 га рақамли ускуна панели ўрнига классик стрелкали айланалар ўрнатилмоқда.

Фото: «Маtador.tech»

Лекин ушбу автомобиль русумининг янгисини яқин орада харид қилиб бўлмай қолади, сабаби у эскираётгани учун конвейрдан олинади. Хетчбекнинг янгиланган версиясида автосаноат вакили қандай янгиланишлар қилиши ҳозирча номаълум. Микрочиплар етишмовчилиги сабаб янгиланган хетчбекнинг тақдимоти ҳам кечикиши мумкин.

Автопилотсиз Cadillac

Энг ёмон мисоллардан бири Cadillac бренди билан содир бўлган. Escalade маркасининг флагмани SUV узоқ кутилган Super Cruise функциясисиз ишлаб чиқарилмоқда, сабаби завод машинани зарур электрон компонентлар билан таъминлай олмаяпти.

Фото: «Маtador.tech»

Ушбу интеллектуал ёрдамчи янгиланган серҳашам автомобилнинг «дастхати»га айланиши кутилганди.

Радиосиз автомобиллар

Радио эмас, ҳатто HD Radio — юқори сифатдаги рақамли узатгич. 2021 йилнинг Chevrolet Silverado 1500 ҳамда GMC Sierra 1500 моделлари HD Radio’сиз ишлаб чиқарилди. Кўплаб стриминг сервисларининг оммалашиб кетганига қарамай, АҚШда ушбу функцияга эга автомобиллар ҳанузгача қадрланади ва унинг йўқлиги кўпчилик америкалик ҳайдовчиларга ёқмагани аниқ.

Фото: Pickuptrucktalk

Ўриндиқдаги ва руль чамбарагидаги иситгичларнинг йўқолиши

Россия бозорида ҳам, Ўзбекистон бозорида ҳам рулдаги иситгичлар бор автомобиллар кам, лекин совуқ иқлим вақтида ўриндиқнинг исиши ҳайдовчи ва унинг ёнида юрадиган ҳамроҳига қулайликлар яратарди. GM концерни 2021 йил ноябрдан бошлаб руль чамбараги ва ўриндиқларни ушбу функциясиз етказиб берилишини эълон қилди: Chevrolet Silverado, Traverse, Blazer ва Equinox моделларида (охирги иккиси Ўзбекистон бозорида ҳам мавжуд), шунингдек, GMC Sierra, Acadia, Canyon ва Terrain моделларида.

Фото: «Drive.ru»

Комфорт функциянинг йўқлиги учун мижозларга тўланган 150 доллардан 500 долларгача компенсациядан ҳамма ҳам хурсанд бўлмаган. Масалан, АҚШнинг шимолий штатларида қишда ўриндиқнинг исимаслиги жуда ёмон, Россиянинг совуқ иқлимида ҳам бу панд беради.

Ўрнатилган Штурман функцияси йўқ Ford (Туркия) ва Nissan

Мазкур ҳолатни ачинарли деб ҳам, ғалати деб ҳам бўлмайди, Туркиядаги Ford заводи 2022 йилдан сунъий йўлдош навигациясининг айрим моделларисиз автомобиль ишлаб чиқаришни бошлади. Ҳозир смартфонларда ушбу хизмат тезроқ ва замонавийроқ экани инобатга олинса, йўқотиш у қадар катта эмас. Шунга қарамай компания ўзгаришдан олдин ушбу қурилмасиз етказиб берилган машиналарга уни бепул ўрнатиб беришга тайёрлигини билдирган.

Nissan билан ҳам худди шундай вазият, фақат Япония заводи бундай функциясиз ясалган автомобиллар учун 400 долларлик чегирма тақдим этган.

Mercedes-Benz ҳам микрочиплар инқирозидан йўқотишларсиз чиқмаяпти

Германия бренди бир қатор фронтлардаги машиналари комплектациясида қисқартиришлар қилган. Рақобатчилардан ҳар жабҳада устун бўлишга интилувчи Mercedes-Benz’да кўпроқ ҳайдовчи ва йўловчига комфорт берадиган қурилмаларда ўзгаришлар бўлди.

Фото: «Mercedes-benz.ie»

2021 йил июнидан Mercedes-Benz’нинг кўплаб моделлари махсус премиум аудиотизимлари, диодли нур оптикаси, баланд овозда телефонда сўзлашув имконияти, смартфонлар учун симсиз қувватлагич ва яна бир неча бандларда ўзгаришлар қилди. Ушбу функциялар учун қачон буюртма бериш мумкинлиги ҳақида расмий ахборот берилмаган.

Электрон созлагичларсиз Porsche

АҚШдаги бюджет сигментининг яна бир модели Porsche 2021 йил баҳоридан машиналар салонида ўзгаришлар қилди. Хусусан, Macan модели электрон руль чамбараги ва олд ўриндиқлар созлагичларисиз (ҳар бир ўриндиқ учун 18 тадан созлама!) ишлаб чиқарилган ва кейинчалик 2090 доллар билан буюртма қилиш имконияти яратилган, лекин уни етказиб бериш муддати номаълум бўлиб қолганди.

UzAuto Motors нималар қилди?

UzAuto Motors 2021 йил август ойида атиги 2 дона Gentra ва бирорта ҳам Spark ишлаб чиқармаганди. Компания буни яримўтказгичларнинг глобал танқислиги ва ишлаб чиқариш босқичма-босқич трансформация қилингани билан изоҳлаб, шу доирада ягона платформадаги автомобилларни ишлаб чиқаришга ўтиш режалаштирилганини билдирган. Сентябрь охирларида компания Lacetti ва Spark ишлаб чиқариш тикланганини эълон қилган. Октябрь бошида UzAuto Motors Lacetti ишлаб чиқариш ҳажмини оширган. Ой охирига бориб компания Lacetti ва Labо етказиб беришни 2 ойга, ноябрь охирида барча турдаги автомобилларини етказиб беришни 2 ойга кечиктирган. Декабрда UzAuto Motors февралгача Nexia, Spark, Cobalt, Lacetti сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

2021 йилнинг октябрь ўрталарида UzAuto Motors яримўтказгичлар танқислиги сабаб Cobalt’ни харидорларга ўриндиқ иситиш модулисиз, 1 миллион сўмга арзонроқ етказиб беришни таклиф қилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев буни истеъмолчилар ҳуқуқларини бузиш деб баҳолаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги бу масала юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини қайд этган. 2022 йил бошида яримўтказгичларнинг глобал етишмовчилиги бутун жаҳон автомобиль саноатига ўз таъсирини ўтказаётгани боис яна мурожаат билан чиқди. Компания баёнотига кўра микросхемалар етишмовчилиги UzAuto Motors компанияси учун ягона бўлган GM сертификатига эга автомагнитола ишлаб чиқарувчи Humax корхонасига ҳам таъсир кўрсатган, Жанубий Корея ишлаб чиқарувчиси автомагнитолани етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатган. Оқибатда 19 январдан аввал тузилган шартномалар бўйича Chevrolet Lacetti ва Cobalt автомобиллари Humax компанияси томонидан компонентларни етказиб беришдаги узилишлар сабабли мижозларга магнитоласиз етказиб берилиши эълон қилинди.

Яна бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилари ҳақида

Юқорида бир қатор таниқли моделларнинг айримларини санаб ўтдик. Автосаноат корхоналари яримўтказгичлар инқирозини машиналарни конвейрдан олмасдан, енгиб ўтишга уринмоқда.

Қайд этилган комплектациядаги қисқартиришларга қарамай, аслида кўплаб брендлар учун вазият ўта мураккаб. Дунё миқёсида икки йил давомида ўз фаолиятини тўхтатган автомобиль заводларининг сони жуда кўп.

«АвтоВАЗ» ишлаб чиқариш тармоқларида иш графигини ўзгартирган. Ишчиларнинг айримлари кетма-кет бир неча кун давомида ишлаган, айримлар эса барча сменаларда ҳам ишламаган. «ГАЗ» заводи эса ишни тўхтатмаган, лекин шу билан бирга тўлиқ комплектлаштирилмаган автомобилларни мижозларга етказиб бермаган. 2021 йил кузида Нижегороддаги завод тўхталишларсиз махсус хизматлар учун транспорт воситаларини етказиб берган.

Autonews таҳлилий нашрининг 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига берган маълумотларига кўра бутун дунёда энг кўп сотиладиган 10 та автомобилнинг 9 таси кечикишлар билан етказиб берилган. Ўтган йил октябрь ойининг уч ҳафтасида автомобиль ишлаб чиқарувчилар мижозларга буюртма қилинган ва ишлаб чиқариш режалаштирилган қарийб 458 минг машинани етказиб бера олмаган. Ушбу етишмовчиликнинг асосий сабаби — микроэлектроникадаги инқироз.

Ғарб таҳлилчилари тренднинг борган сари катта таҳдидга айланиб бораётганини қайд этган. 2021 йилнинг биринчи ярмида RoadShow (CNеt лойиҳаси) мижозларнинг кўпчилиги машиналари навбатини кутиб чарчаётгани ва оқибатда автомобилни сотиб олмаслик қарорига келаётганини қайд этган. Кимдир тузилган шартномани бекор қилса, бошқалар олдиндан қилинган буюртмани қайтариб олган, баъзилар янги автомобиль сотиб олмасдан иккиламчи бозорга мурожаат қилган ва маблағларини бошқа ишга сарфлаган. Экспертлар бозордаги талаб яқин орада тушиб кетишини тахмин қилган.

Автомобиль ва микроэлектроника саноатининг етакчилари вазиятга оптимизм билан ёндашмоқда ва яқин келажакда вазиятнинг ўнгланишига умид қилмоқда. Аммо реаллик прогнозлардан ҳам даҳшатлироқ бўлиши мумкин.