Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган «Толибон» аёлларга нисбатан ўз позициясини «исломий қадриятлар» доирасида юмшатишга — уларга ишлаш ва таълим олиш имконини яратишга ваъда берганди. Лекин ҳозирча янги ҳукуматнинг ваъдалари бажарилмади.

BBC рус хизмати билан суҳбатлашган афғонистонлик аёллар шу қадар қўрқувга тушганки, улар бир неча ҳафтадан буён уйларидан чиқишга журъат этолмаяпти. Улар 20 йил аввалги сценарий такрорланишидан хавотирда. Ўшанда аёллар паранжини «нотўғри» ёпингани учун калтакланиши ёки эркак кишининг ҳамроҳлигисиз таксига ўтиргани учун қамалиши мумкин эди.

Фото: AFP

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар аёллардаги қўрқувни тасдиқлайди — уларнинг таъкидлашича, «Толибон» кўплаб вилоятларда қизларнинг мактабга боришини, аёлларнинг эса уйдан чиқишини очиқдан-очиқ тақиқламоқда.

11 сентябрь куни бошидан оёғигача паранжи ёпинган уч юзга яқин аёл Кобул давлат университети аудиториясида «Толибон»ни қўллаб-қувватлаб намойишга йиғилди. Улар янги ҳукуматни тан олишини ва «Толибон» ҳукмронлиги остида ўзини тўлиқ хавфсиз ҳис қилишини айтди, шунингдек, Ғарбни ва исломга мувофиқ кийинишни истамаганларни қоралади. Намойишчилардан бирининг қўлидаги плакатда «Афғонистонни тарк этган аёллар бизнинг вакилимиз бўла олмайди» деб ёзилган эди.

Фото: AFP

Аммо уларнинг ўзлари ҳам барча афғон аёлларининг фикрларини ифодаламаган: Кобул чеккасида яшовчи 17 ёшли Сюзан уч ҳафтадан кўпроқ вақт давомида уйидан чиққани йўқ — у қўрқади. «Мен ва яқинларимнинг ҳоли нима кечишини билмайман», — деди у BBC’га. «Мен доим даҳшатли тушлар кўраман, ота-онамиз йигирма йил олдин кўрган кунларни ҳозир биз бошдан кечиряпмиз».

Сюзан BBC мухбирлари билан мессенжер орқали мулоқот қилган. «Толибон» келишидан олдин у ўзи туғилган шаҳар — Мозори Шарифда ҳар куни инглиз тилини ўрганиш билан шуғулланганини айтди. Жангарилар вилоятларни бирин-кетин забт эта бошлагач, унинг оиласи хавфсизроқ бўлиш умидида Кобулга кўчиб ўтган. «Аммо ҳозир хавфсизлик ҳақида гапириш имконсиз», деди Сюзан. Қизнинг айтишича, унинг оиласи ҳазоралардан (1998 йилда «Толибон» томонидан шафқатсизларча таъқиб қилинган, келиб чиқиши аралаш шиалар), суҳбат давомида Сюзан отасини бир неча бор эслади — у «Толибон»га қаршилик кўрсатган армияда хизмат қилган, бир неча ойдан бери ундан ҳеч қандай хабар йўқ.

«Толибон» аёлларга нималарни ваъда қилганди?

«Толибон» Афғонистонни 1996 йилдан 2001 йилгача бошқарган пайтда ўта қаттиқ талқиндаги шариат қонунларини жорий қилган. Саккиз ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришига рухсат берилмаган, аёлларга ишлаш (соғлиқни сақлаш соҳасидан ташқари) ва эркак қариндошининг ҳамроҳлигисиз кўчага чиқиш тақиқланган, улар бошдан оёқ паранжи ёпиниши шарт эди. Зинода айбланган аёллар тошбўрон қилинган.

Human Rights Watch ташкилотининг Афғонистондаги вазиятга бағишланган 2001 йилдаги ҳисоботида бир аёл «Толибон» жангарилари уни боласининг олдида қандай урганини тасвирлаб берган, аёл паранжисидаги кўз учун қолдирилган тешиклар «жуда кенг» бўлгани учун калтакланган. «Ахлоқ полицияси» (ҳукумат номидан шариат қонунларига риоя этилишини назорат қилувчи махсус бўлинма) ходимлари аёлларни «нотўғри» пайпоқ кийгани ёки юзини бироз очгани учун қамчи билан савалаб қоларди. Баъзи ҳолларда, қоидаларга риоя қилмагани учун (масалан, эркак кишининг ҳамроҳлигисиз таксида юриш ёки қоматига урғу берилган кийим учун) аёл қамоққа ташланиши мумкин эди.

Қатъий кийиниш қоидалари ҳамма учун, жумладан шифокорлар учун ҳам истисносиз қўлланилган. Ҳисоботда, масалан, вилоятлардан бирининг шифохонаси маъмури жарроҳ аёлга операция пайтида махсус бош кийим ўрнига чодра кийишни буюргани айтилган.

2021 йилнинг августида қайта ҳокимият тепасига келиши билан «Толибон» ўз позициясини «юмшатишини» эълон қилди: жангарилар «афғон меъёрлари ва исломий қадриятларга мувофиқ» аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини (аммо амалда бу «Толибон» талқинида нимани англатиши ҳозирча номаълум), уларга таълим олиш ва ишлаш имкони берилишини ваъда қилди.

Ўз сўзларининг тасдиғи сифатида «Толибон» 20 йил аввалги каби, тиббиёт соҳасидаги аёлларни ўз иш жойларига қайтишга чақирди, шунингдек, аёлларнинг янги ҳукуматда иштироки ҳақида гапирди. Август ойида телебошловчи Беҳешта Арганд жангарилар ҳокимиятни қўлга киритгандан кейин биринчи марта «Толибон» вакилидан жонли эфирда интервью олди. Ўшанда кўпчилик бу «Толибон» позицияси юмшаганини билдирувчи биринчи белги бўлиши мумкинлигини айтди. Бироқ, кўп ўтмай, 24 ёшли Арганд ўз хавфсизлигини ўйлаб, Афғонистонни тарк этди, Яқин Шарқ ОАВлари эса журналист аёлларга эфирга чиқиш тақиқланганини ёзди.

19 сентябрь куни Кобул муниципалитетидаги ишчи аёлларга, агар уларнинг вазифасини эркаклар қила олса, ишга бормаслик буюрилган.

Аёлларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ҳар қандай уринишлари қаттиқ қаршиликка учрамоқда: Кобулдаги аёллар намойишлари қурол ёрдамида тарқатилганидан тортиб, бундай ҳаракатларнинг тақиқланишигача («Толибон» буни мамлакатда «норозилик намойишларининг мавриди эмаслиги» билан асосламоқда). «Толибон» Хотин-қизлар ишларига масъул вазирликни ёпди, унинг ўрнига эзгу ишларни тарғиб қилиш ва иллатларни йўқотиш вазирлигини ташкил этди. Бундай вазирлик йигирма йил олдин ҳам ишлаган ҳамда қаттиқ қоидалар ўрнатиш ва аёлларга кескин чекловлар қўйиш билан шуғулланган.

 «Умидим кундан-кунга сўниб бормоқда»

«Толибон» аёл шифокорларнинг ишга қайтишига рухсат беришни ваъда қилганига қарамай, бир йил олдин тиббиёт факультетини тугатган ва карьера қилишни орзу қилган Афғонистон фуқароси Хатима BBC’га ҳозир ҳеч қанақасига ишга бормаслигини айтди. Суҳбат чоғида у тинч аҳолининг қирғини ҳақидаги хабарларни бирма-бир санаб берди ва турмуш ўртоғи уни уйдан чиқаришга қўрқишини қўшимча қилади.

«Бир ҳафта олдин толиблар вилоятлардан бирида аёл шифокорни калтаклади», — дейди Хатима. «Уч кун олдин уйимиз яқинида улар бир аёлни номаълум сабабларга кўра ўққа тутишди. Мен ташқарига чиққанимда (узоқ вақтдан бери биринчи марта), йўл ёқасида бир эркакнинг жасади ётарди, ҳеч ким чириган жасадни олиб ташламасди — бу даҳшатли манзара эди».

Икки ёш болани тарбиялаётган Хатиманинг фикрича, ҳозир фақат мамлакат ташқарисида одам ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкин. «Ҳар кеча биз фақат «Толибон» ва бу ердаги келажак ҳақида гаплашамиз», — дейди у. «Мен эркин бўлишни хоҳлайман, ишлаб пул топгим келади, бу менинг орзуйим ва умидим, аммо у кундан-кунга сўниб бормоқда».

«Толибон» шартларига асосланган таълим

Янги ҳукумат афғон аёлларининг «Толибон» шартларига амал қилган ҳолда таълим олишига рухсат бермоқда. Янги қоидаларга кўра, аёллар дарсларга эркаклардан алоҳида қатнашиши мумкин, шу билан бирга улар «Ислом анъаналарига мувофиқ» кийиниш қоидаларига қатъий риоя қилиши шарт.

Бироқ, ўқитувчи аёлларнинг кескин танқислиги, иш ҳақининг узилиши ва халқаро ёрдамнинг тўсиб қўйилиши (у Афғонистонда таълим харажатларининг катта қисмини қопларди) аёлларнинг олий маълумот олиш имкониятини сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкин, дея огоҳлантиради инсон ҳуқуқлари ташкилотлари.

«Толибон» қизларнинг таълим олишига аралашмаслигини айтган, лекин 18 сентябрь куни янги ҳукумат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид янги ўқув йилида мактабларга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчилар қайтиши мумкинлигини айтди. Жангариларнинг таъкидлашича, ҳукумат қизларни синфларга қайтаришни режалаштирмоқда, лекин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари амалда балоғатга етганидан кейин қизларнинг жуда озчилигига мактабга боришга рухсат берилишидан хавотирда.

Фото: AFP

Бироқ, бошланғич ва ўрта таълим сиёсати вилоятлар кесимида фарқ қилиши мумкин. «Бугун ‘Толибон’ вакили қизларнинг олтинчи синфгача таълим олишига рухсат беришини айтди. Эртага унинг ўрнига қизларнинг таълим олиш ғоясини ёқтирмайдиган бошқа одам келади», — дея Human Rights Watch ўз ҳисоботида Вардак вилояти ўқитувчисидан иқтибос келтирди.

Яқин Шарқ бўйича мутахассис ва ёзувчи Андрей Осталскийнинг фикрича, «Толибон» маданиятида аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилинмайди, лекин маблағнинг кескин етишмовчилиги ва чуқур иқтисодий инқироз гуруҳни ўз позициясини «юмшатишга» мажбур қилиши мумкин.

«Бу сафар толиблар ташқи дунёга 90 йилларга қараганда кўпроқ юз тутмоқда», — таъкидлайди Осталский. «Толибон»ни молиявий муаммолар ва ҳамкорлик ўрнатиш истаги тийиб турибди. Агар (аёлларга муносабат билан боғлиқ) йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар бўлса, ҳатто Хитой ва Россияга ҳам иқтисодий соҳада ҳамкорлик қилиш ва маблағларни блокдан чиқариш қийинроқ бўлади.

«Уй зиндонга айланди»

Яқин эркак қариндошларининг қаровисиз қолган аёллар, айниқса, ожиз вазиятга тушиб қолди. 26 ёшли Нисаннинг айтишича, унинг уч фарзандни ёлғиз тарбиялаётган холаси толиблар туфайли бутун дунёдан узилиб қолган.

«Уй унинг учун зиндонга айланди», — дейди Нисан. «У кўчага чиқа олмайди, қўшниларидан ёки ҳали ёш бўлган болаларидан озиқ-овқат сотиб олиб келишни сўрайди, болалар учун бу жуда хавфли. Унинг 14 ёшли қизи туғма кўзи ожиз, у жуда ақлли ва ўқишни давом эттиришни хоҳларди, лекин ҳозирда бунга имконият йўқ».

«Холам фарзандлари ўқишини ва уларнинг келажаги порлоқ бўлишини орзу қилади — лекин таълимсиз, отасиз, тирикчиликсиз уларни қандай келажак кутмоқда?»

77 ёшли Раҳмоний ҳам худди шундай вазиятда. Унинг Лондондаги қочқинлар марказида яшаётган қизи Фотима (исми ўзгартирилди), онаси Афғонистонда ёлғиз қолганидан ва кўчаларда патруллик қилаётган жангарилар таҳдидига қарамай, озиқ-овқат учун ташқарига чиқишга мажбур бўлаётганидан куюнди. «Кечалари кўзимга уйқу келмайди, онам ҳақида қайғураман», — деди Фотима BBC’га. «Агар улар (Толибон) менинг Буюк Британияда яшаётганимни билиб қолса, онамга хавф туғилади. Онам «Толибон» 20 йил олдин Кобулга келган вақтни эслайди — уларнинг қайтиши онамни жуда қўрқувга солмоқда».