Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков «Севимли ТВ» телеканалининг «Замон» кўрсатувига берган интервьюсида Ўзбекистонда аҳолини эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланишини маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланади. Олиб келинган вакцина (AstraZeneca) билан айтайлик, 330 минг одамни икки марта эмлашимиз керак. Бунинг учун вакциналарни исрофгарчиликка йўл қўймайдиган, вакцинани очган пайтда тўлиқ ишлатиш имкониятлари юзага келадиган, қолаверса, яна бир бор бирламчи бўғин тизимини янги вакцина билан эмлаш ишларига тайёргарлик нуқтаи назаридан бу вақтни белгилаганмиз», — дейди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида 2,6 миллион доза AstraZeneca вакцинаси олиб келиниши, вакцинанинг дастлабки партияси 17 март куни етказиб келингани ҳақида хабар берилганди. Шундан 2021 йилнинг I чорагида 35—40 фоизи, қолган қисми II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарни ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши маълум қилинган.

Март ойининг бошида Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси биринчи бўлиб фойдаланиш учун рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистонда Россиянинг Гамалея илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинасини қўллашга ҳам рухсат берилган. Коронавирусга қарши курашиш тадбирлари ва вакцина учун 3 триллион сўм ажратиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни ЮНИСЕФ томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17 та музлаткичли юк машинаси ва 206 та минивен Changan автомобиллари топширилган. Ушбу махсус автомобилларнинг бир нечтаси фойдаланишга топширилган куниёқ Тошкентда ЙТҲга учради. Бундан ташқари, Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида юборилган 4,5 тонна қадоқланган шприслар қабул қилинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар