Ўзбекистонда 22 август соат 23:30 дан 23 август соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 414 та ҳолат қайд этилди. Бу август ойидаги энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Бир кун аввал 458 кишида коронавирус аниқланганди. 21 августда коронавирус юқтириб олиш бўйича 381 та ҳолат аниқланиб, 1,5 ой ичидаги энг паст кўрсаткич қайд этилганди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 38 946 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 273, «Дарё» ҳисоби бўйича 282 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Кун давомида жами 5 та ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди.

Уларнинг барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳри — 308 нафар;
  • Тошкент вилояти — 61 нафар;
  • Самарқанд вилояти — 36 нафар;
  • Қашқадарё вилояти — 7 нафар;
  • Андижон вилояти — 2 нафар.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди.

Биринчи ўлим. Фарғона вилояти Фурқат туманида яшаган, Тошкент шаҳрида даволанган 74 ёшли Н.А. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 49 ёшли Х.А. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшаган 46 ёшли Б.А. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 41 ёшли Ш.Д. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 71 ёшли V.В. исмли аёл вафот этган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 59 ёшли Б.Р. исмли эркак вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 273 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 282 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этгани хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3686 нафар бемордан 249 нафари оғир, 129 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Касалликдан даволаниш

23 август куни Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида коронавирус инфекциясидан даволанаётган беморларнинг 411 нафари соғайди. Даволаниш кўрсаткичи эса 89 фоизни ташкил этмоқда. Охирги 21 кун ичида илк марта бир кунда соғайганлар сони кунлик касалланиш кўрсаткичидан паст бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 228 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 121 нафари Тошкент вилоятида;
  • 47 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 5 нафари Андижон вилоятида;
  • 5 нафари Наманган вилоятида;
  • 3 нафари Сирдарё вилоятида;
  • 2 нафари Қашқадарё вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2825 нафар. Фарғонада 6, Жиззахда 8, Навоийда 10, Хоразмда 17, Қашқадарёда 29, Қорақалпоғистонда 21, Сурхондарёда 30, Сирдарёда 26, Андижонда 30, Бухорода 42, Наманганда 66, Самарқандда 102 ва Тошкент вилоятида 474 нафар бемор қолди.