Самарқанд вилоятида ишсиз аёллар сони 28 мингдан ошган. Бу ҳақда «Дарё»га маълум қилган вилоят прокуратураси ахборот хизматининг ёзишича, ишсиз аёлларнинг аксарияти Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур ва Ургут туманида яшайди.
Маълум бўлишича, вилоят прокуратураси томонидан оилавий жанжалларнинг олдини олиш, ажримларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича сектор раҳбарлари, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида «Ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилган.
Унга кўра, вилоят прокуратураси томонидан 2020 йилнинг биринчи чорагида ажрим ёқасига келиб қолган 233 та оила яраштирилган. Шаърий никоҳ асосида яшаётган 320 та оиланинг никоҳи расмийлаштирилган. 15 та эрта никоҳнинг олди олинган.
Жумладан судларга, ФҲДЁ идораларига ажрашиш тўғрисида ариза келиб тушганда зудлик билан маҳаллага, сектор раҳбарларига ёзма хабар берилиши ҳамда улар томонидан жамоатчилик билан бирга ажримнинг олдини олиш чораларини кўриш тизими жорий этилган.
Натижада, судларда никоҳдан ажралиш билан боғлиқ кўрилган ажримлар 45 тага, оилавий жанжаллар оқибатида содир этилган ҳуқуқбузарликлар эса 239 тага камайган.
Изоҳ (0)