Ёз фаслининг иккинчи ойини ҳам ортда қолдирдик. Хўш, бу ой бизга нималар тақдим этди? Қуйида июль ойида юз берган воқеаларнинг энг эсда қоларлиларини ҳавола этамиз.
Мавзуга доир:
- Ёнғинлар тўхтади, тожвирус эпидемияси бошланди. Сулаймоний ўлди, Ҳайсам ибн Тариқ яшади. Январь нималар билан эсда қолди?
- Чегара билмас коронавирус, Идлибдаги можаро, Олтинсой воқеалари, «Оскар»ни эгаллаб олган «Паразитлар». Февраль нималари билан эсда қолди?
- Карантиндаги дунё. Ўзбекистонда коронавирус қандай кутиб олинди? Март ойининг якунлари
- Чекинишни истамаётган COVID-19 ва карантиндан воз кечаётган Европа. Апрель ойи якунлари
- Сардоба воқеалари ва тарқалишда давом этаётган коронавирус. Май ойи якунлари
- Коронавирусдан янги рақамлар, Сўх воқеалари, ёмонлашаётган Жанубий ва Шимолий Корея алоқалари. Июнь ойи якунлари
Коронавирусдан қарши ҳужум
2019 йилнинг декабрь ойидан буён давом этаётган SARS CoV-2 коронавируси келтириб чиқарган COVID-19 пандемияси саккиз ойдирки дунёни титратиб келмоқда. Хитойдан кейинги касаллик ўчоғи бўлган ғарбий Европа касалликнинг оғир босқичидан ўтган бўлса, океанорти, Жанубий Африка, Ҳиндистон, Марказий Осиёда вазият ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Ўзбекистонда касаллик билан боғлиқ ҳолатлар июль ойи бошидан кескин орта бошлади.Касаллик оқибатида вафот этган фуқаролар сони ҳам кун сайин ошди. 3 июль куни Ўзбекистонда 318 киши коронавирусдан зарарланди. Бунақаси аввал бўлмаган. 4 июль куни Тошкентда коронавирус 100 дан ортиқ ҳолатда аҳоли орасидан аниқланди. Шундай шароитда Коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган махсус комиссия илтимосига биноан ҳукумат мамлакатда қатъий карантин чекловларини тиклашга мажбур бўлди.
Шифохоналар беморлар билан тўлиб кетди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов телевидениега берган интервьюсида вазиятни тан олиб, «Лекин касаллик авж оладиган бўлса, тиббиёт тизими оғир вазиятга тушиб, бошқа йўналишдаги ёрдамлар тўхтаб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳозир ҳаммамиз тенг ҳаракат қилиб, касаллик тарқалиб кетишининг олдини олиб, оғир беморлар сонини, шифохоналарга тушадиганларни камайтиришимиз керак», деб айтди. Шодмонов, шунингдек, коронавирус тарқалиши энг юқори чўққисига чиқмаганини айтганди. 8 июль куни Шавкат Мирзиёев коронавирус масаласида мамлакат аҳолисига мурожаат қилди ва «бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади», деди. Президент жойларда карантин талабларига риоя қилинмаётганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани сабабли 10 июлдан 1 августгача мамлакатда қатъий карантин чоралари жорий қилинди. 10 июлдан тўйлар, оилавий ва оммавий тадбирлар тақиқланди, автотранспорт ҳаракати чекланди, буюм бозорлари ва болалар боғчалари ёпилди, халқаро авиақатновлар икки бараварга қисқартирилди, коронавирусдан уй шароитида даволанаётганларга тиббий ёрдам бериш учун мобил гуруҳлар ташкил этилди, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари эпидемиологик тоифаси «қизил» бўлди. Дарвоқе, 20 кун ичида режалаштирилган тўйларнинг барчаси 9 июлда ўтказиб юборилгани мамлакатимизда ғаройиб шодиёна руҳини яратди.
Мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш учун 1,7 триллион сўм йўналтирилган. Бу ойда COVID-19 инфекциясини Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязовлар ҳам юқтириб олди. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида қўшимча койка ўринлар тайёрланди. Жумладан, Тошкентдаги Ўзэкспомарказда касалларни тақсимлаш маркази ишга туширилди.
Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари 2020 йилнинг 15 августига қадар узайтирилди, деган янгилик. 15 августгача бўлган чекловлар тўй-тадбир ўтказмасликдан тортиб, 31 июль, 1—2 август ҳамда 8—9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилишигача ўз ичига олади. Гарчи маблағсиз оддий фуқаро ҳаддан ташқари қийналгани ҳеч кимга сир бўлмаса-да, коронавирус тарқалишини тўхтатишнинг биз учун ягона самарали йўли ҳаракатланишни чеклаш бўлиб турибди. Шунинг учун бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев карантин узайтирилгани сабабли тирикчиликдан қолганларни назарда тутиб, аҳолидан узр сўради.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов коронавирус туфайли дунёдан ўтгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Шунда Тўра Боболов видеомурожаат қилиб, даволанаётганини, ҳолати яхшилигини билдирди, ёлғон хабар тарқатган шифокорларга эса маъмурий иш қўзғатилди ва телефони мусодара қилинди. Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақида хабар тарқатган нашр муаллифларига эса бундан-да тез муносабат билдирилиб, тегишли органга чақиртирилди. ССВ матбуот котиби Муса Тажетдиновичнинг даволанаётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда мамлакатимизда касалликни юқтириб олиш ҳолатлари айни дақиқаларда 23 мингдан ошган бўлса, касалликдан тузалган сони 13,5 минг кишига яқинлашган. Касаллик оқибатида вафот этганлар эса 140 (30.07.2020) тани ташкил этмоқда. Касаллик юқтириб олиш бўйича дунёда АҚШ етакчилик қилмоқда. Мамлакатда касалликка чалинганлар сони ой бошида 3,4 миллионга яқинлашган бўлса, ҳозирга келиб касаллик қайд этилганлар умумий сони 4,5 миллиондан ошган. Шулардан 2,2 миллиондан ортиқ бемор тузалган бўлса, 153 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Дунёда касаллик юқтириб олганлар сони бўйича АҚШдан кейинги ўринда Бразилия бормоқда. Бразилияда 2,5 миллиондан ортиқ одам касалликни юқтириб олган, улардан 90 мингдан ортиқ киши вафот этган бўлса, 1,7 миллиондан ортиқ киши тузалиб кетган. Ҳиндистон ва Россия давлатлари мос равишда 3 ва 4-ўринларда бормоқда. Ҳиндистон 1,6 миллиондан ортиқ касаллик ҳолатини қайд этган бўлса, Россияда бу кўрсаткич 834 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда.
Коронавирус билан боғлиқ статистикани онлайн қайд этиб борувчи covidvisualizer.com сайти маълумотларига кўра, бутун дунёда касалликни юқтириб олганлар сони 17,2 миллиондан ошган. Улардан 10,7 миллиондан ортиқ бемор тузалган бўлса, 670 мингдан ортиқ бемор вафот этган. Бугунги кунда касал ҳолатда қолаётган беморлар сони 5,7 миллиондан ошиқни ташкил қилмоқда.
Аё София – ислом олами кутган мужда
Бу ойнинг энг диққатга сазовор воқеаси, шубҳасиз, Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Ая София ёхуд Авлиё София музейининг қайтадан масжидга айлантирилиши ҳақидаги хабар ва у ерда ўқилган илк жума намози бўлди. 10 июль куни Туркия Олий маҳкамаси Туркия жумҳурияти ҳукуматининг 1934 йилги Авлиё София масжидини музейга айлантириш ҳақидаги қарорни ноқонуний деб топди. Бунинг ортидан Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон Авлиё София ибодатхонасини масжидга айлантириш ҳақидаги фармонни имзолади.Фармонда объектни Туркия дин ишлари бошқармаси ихтиёрига ўтказиш, уни масжид сифатида қайта очиш ва бинода намоз ўқиш учун муносиб шароитлар яратиш масалалари ҳам қайд этилган. Бунинг ортидан дунёнинг бир қатор давлатлари, жумладан, Россия, Европа иттифоқи, АҚШ, Греция каби давлатлар ўз норозиликларини билдирди. Бу борадаги дастлабки «ҳужум»ни рус Провослав жамияти қилди. Жамият матбуот котиби Авлиё Софиянинг қайтадан масжид қилиб белгиланишидан афсусда эканини билдирди.
Бундай иддаоларга жавобан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Авлиё София мажмуасини масжидга айлантириш масаласида бошқа давлатларнинг фикри аҳамиятсиз эканини маълум қилди. «Туркия халқнинг хоҳиши ва истагига кўра, Авлиё Софиянинг мақомини музейдан масжидга ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бошқа давлатларнинг фикри бизнинг қароримизга таъсир қила олмайди», — деди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
Эрдўғон Туркияни танқид қилганлар «ўз ҳудудларида исломофобия билан кураша олмайди», деб қўшимча қилди. Шунингдек, мамлакат президенти қабул қилинган қарорни Туркиянинг суверен ҳуқуқи эканини айтди.
24 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Авлиё София (Ая София) жоме масжидида 86 йилдан кейин илк жума намози адо этилди. Жума намози олдидан Туркия диёнат ишлари раиси Али Эрбаш йиғилган минглаб одамларга хутба қилди. Хутба жараёнида имом минбарда Истанбулнинг фатҳ этилиши рамзи бўлган қилич ушлаб турди. Аммо қилич чап қўлда ушлангани тинчлик рамзи экани мутахассислар томонидан таъкидланди. Жума намози Туркия телевидениеси томонидан тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Намозда, шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳам иштирок этди ва биринчи сафда намоз ўқиди. Жума намозидан кейин президент Фотиҳ Султон Меҳметхоннинг қабрини зиёрат қилди. Ая Софияда жума намози ўқилган куни Грециядаги черковларда мотамни англатувчи қўнғироқлар чалинган. Гап шундаки, ибодатхона 1453 йилда константинопол фатҳидан кейин Султон Меҳметхон томонидан насроний руҳонийларидан сотиб олинган ва масжидга айлантирилган. 1934 йилда Туркия Республикаси уни музейга айлантиришга қарор қилган. Унинг яна қайта масжидга айлантирилиши ғарб христиан дунёсининг, айниқса, Рус провослав черковининг норозиликларига сабаб бўлган.
Греция ўзини Византия империясининг вориси деб ҳисоблагани сабабли бу воқеани мотам сифатида қабул қилди. Сабаби, Ая София ибодатхонаси VI асрда Византия императори Юстиниан томонидан қурилган ва черков сифатида фаолият юритган. У христиан оламидаги энг йирик черковлардан бири бўлган.
Истанбулда Авлиё София ибодатхонасининг масжидга айлантирилиши борасидаги баҳс-мунозаралар 29 май куни Константинополнинг қулаши муносабати билан у ерда Қуръон хатм қилинганидан кейин бошланиб кетган. Орадан бир ҳафта ўтгач, Эрдўғон ибодатхонани масжидга айлантириш имкониятини кўриб чиқишни буюрган. Кейинчалик адлия вазири Абдулҳамид Гул ҳамда ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғлу ибодатхонанинг яна масжидга айлантирилиши тарафдори эканини билдирган. 1985 йилда масжид ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий мероси объектлари рўйхатига киритилган.
Тоғли Қорабоғ – Кавказнинг порохли бочкаси
Ойнинг 12–16-кунлари Озарбайжон ҳамда Арманистон ўртасида доимий низоларга сабаб бўлувчи баҳсли Қорабоғ бошқаруви фонида икки мамлакат чегарасида қуролли тўқнашув юз берди. Тўқнашув Озарбайжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида 12 июлда содир бўлди. Бу тўқнашув бир неча кун давом этди ва ҳафта давомида кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.Бокунинг маълум қилишича, Ереван ўт очиш режимини бузган озарбайжонлик ҳарбийларнинг позицияларини артиллериядан ўққа тутган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати қуролли тўқнашув оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини эълон қилди. Дастлаб ҳужумни қайтарган чавуш (сержант) ва аскар ҳалок бўлгани маълум қилинган. Кейинроқ эса яна бир аскар олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ўзининг Facebook’даги саҳифасига Озарбайжон қуролли кучлари арман ҳарбийларининг позициясини яна ўққа тутишни бошлагани ҳақида изоҳ ёзиб қолдирди. «Икки-уч соатлик узилишлардан сўнг душман тараф провакацион ҳаракатларни қайта бошлаб, арман позициясига қарата ўт очди», деб ёзади Степанян.
15 июль куни Озарбайжон мудофаа вазири ўринбосари Керим Валиев отишма натижасида икки нафар юқори лавозимли ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилган. «Бугун тонгда генерал майор Пўлат Гашимов, полковник Илгар Мирзаев қаҳрамонларча ҳалок бўлди», деган Велиев. «Афсуски, жанглар йўқотишларсиз бўлмайди. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти номидан ҳарбийларнинг вафоти муносабати билан уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этаман. Ишонтириб айтаманки, бизнинг шаҳид кетган ўғлонларимиз ва яраланган аскарлар учун, албатта, қасос олинади», дея таъкидлаган вазир ўринбосари.
Ушбу воқеалар фонида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида мамлакат қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ноқонуний митинг ўтказилган. Митинг иштирокчилари «Шаҳидлар ўлмайди, Ватан бўлинмайди», «Қорабоғ» ва «Қорабоғга озодлик» шиорлари остида чиқиш қилди. Шунингдек, йиғилганлар ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга чақириб, «ўзларига қурол берилишини» талаб қилиб бақирган.
Репорт нашрнинг ёзишича, минглаб ёшлар мамлакат байроғини кўтариб олиб, «Шаҳидлар аллеяси»дан юриб ўтган. Шу турдаги митинглар Озарбайжоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилган. Мамлакат президенти Илҳом Алиев мамлакатининг Арманистон чегарасида ҳарбий ҳаракатларни бошлашга интилмаганини маълум қилди.
Воқеага БМТ бош котиби Антони Гутерриш ҳам муносабат билдирган. Гутерриш икки мамлакат чегараси бўйлаб отишмалар, жумладан, оғир қуроллар қўлланилиши ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканини айтди. Бош котиб Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Минск гуруҳининг Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш борасидаги ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ўзбекистон томони ҳам ҳодисага ўз муносабатини билдирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон—Арманистон чегарасида юз берган қуролли можарони сиёсий-дипломатик музокаралар асосида ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. «Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон—Арманистон чегарасида инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган вазиятдан жиддий ташвишда эканини билдиради», дейилади вазирлик баёнотида.
Вазият 15 июлга келиб сокинлашган. Сўнгги 30 йилдан буён Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Тоғли Қорабоғ ҳудуди сабаб ёмонлашган. Минтақа Озарбайжон ҳудудида жойлашган бўлса-да, 1991 йилда унинг таркибидан чиққан. Тан олинмаган ушбу республика ҳудудида асосан арманлар истиқомат қилиб келади. Икки мамлакат ўртасидаги чегарада мунтазам қуролли тўқнашувлар содир бўлиб туради.
Путиннинг президентликдан кетиш нияти йўқ(ми)?
Ойнинг илк кунида Россия федерациясида конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди. Унга кўра, Россия Конституциясининг 81-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Овоз беришда қатнашганларнинг 78 фоизи бу ўзгартиришни маъқуллаб овоз берган. Референдумда қатнашиш кўрсатгичи 65 фоизни ташкил қилган. Россия президенти Владимир Путин ҳам овоз беришда қатнашган.Хўш, конституцияга киритилган ўзгартириш нимадан иборат? Конституциянинг 81-моддаси бундан буён мамлакат президентига сайланиш муддати тугаган тақдирда қайтадан ўз номзодини президентлик сайловларида илгари суришга имкон беради. Демак, Владимир Путин 2024 йилда бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловларда ҳам иштирок этиши мумкин бўлади. Ўзгаришдан олдин унинг амалдаги ваколати 2024 йилда ўз ниҳоясига етиши керак эди.
Ўз навбатида, Россиядаги энг кўзга кўринган шахслардан бири, Чеченистон республикаси президенти Рамзан Қодиров Владимир Путинни умрбод президент этиб сайлаш таклифини илгари сурди. «Владимир Путинни умрбод президент қилиб сайлашимиз зарурлиги мен кўп гапирадиган муҳим гап. Хўш, ҳозир ким уни алмаштира олади? У каби дунё миқёсидаги етакчи сиёсатчи йўқ. Биз у билан фахрланишимиз керак», – деган Қодиров Чеченистон Республикасининг коронавирус бўйича тезкор штабидаги мажлисда.
Владимир Путин 2024 йилги сайловларда ҳам ғалаба қозонса, бунга шубҳа қилиш аҳмоқлик бўлса-да, 2036 йилгача, яъни 84 ёшгача Россия президенти бўлиб қолади. Яна шуни таъкидлаш керакки, ушбу ўзгартиришлар фақатгина Путин учун амал қилади ва ундан кейинги президентларга тааллуқли эмас.
Фургал иши – Путиннинг бош оғриғи
9 июль куни Россиянинг Хабаровск ўлкаси губернатори, мухолифатдаги ЛДПР партияси аъзоси Сергей Фургал қўлга олинди. Унинг қўлга олинишига сабаб қилиб эса 15 йил олдин содир этилган қотиллик жиноятлари келтирилган. Жумладан, у 2004 йилда Евгений Зоря, 2005 йилда Олег Булатовларни ўлдиришга буйруқ беришда айбланмоқда. Хабарларга кўра жиноий тўданинг 4 нафар аъзоси ҳам қўлга олинган ва уларнинг барчаси Москвага олиб келинган.50 ёшда бўлган Фургал 2007 йилдан буён Россия Думасига ЛДПРдан депутат сифатида сайланган. 2018 йили 70 фоиз овоз билан Хабаровск губернатори этиб сайланган. Сергей Фургалнинг ҳибсга олиниши ортидан Хабаровскда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Минглаб одамлар Хабаровск кўчаларида ўлка байроғи ҳамда ҳукумат ҳамда президент Путинга қарши ёзилган бошқа турли чақириқлар ёзилган плакатлар кўтариб юриш қилган.
Намойиш иштирокчилари Фургалнинг озод қилинишини ҳамда Путиннинг истеъфосини талаб қилмоқда. 11–18 июль орасида ўтказилган намойишларда 50 минггача одам қатнашган бўлса, биргина 25 июль куни 20 мингга яқин одам қатнашган ва ҳодиса жойида бўлган журналистлар намойишлар бошлангандан буён ўтказилган энг муҳими бўлганини такидлаган.
Дума депутати Михаил Дегтарёв Путин томонидан Хабаровкс губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Аммо маҳаллий аҳоли уни ғазаб билан кутиб олган. Омма олдида чиқиш қилган Дегтарёв намойишларга Москвадан келган хорижликлар ҳам аралашганини маълум қилган, бироқ президент матбуот котиби Песков буни рад этган.
Владимир Путиннинг тан олинмаган асосий мухолифи бўлган Алексей Навалний Хабаровск намойишчиларини қўллаб-қувватлашини билдирган. ЛДПР лидери Владимир Жириновский Фургалнинг қўлга олинишини қаттиқ қоралаган. Партия эса Парламентни тарк этиш билан таҳдид қилган. Баъзи таҳлилчилар Фургални келажакдаги президентлик сайловларида Владимир Путинга асосий рақиб сифатида тилга олган.
Ямандаги келишув
2014 йилдан буён Яманда давом этиб келаётган сиёсий инқирозга якун ясалай деб турибди. Гап шундаки, Яман марказий ҳукумати ва Жанубий ўтиш даври кенгаши сепаратистлари янги ҳукумат тузишга рози бўлди, бу орқали улар Саудия Арабистонининг можарони ҳал этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда Саудия Арабистони ТИВ вакили ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилди.Хабарда қайд этилишича, Саудия Арабистони томонидан таклиф этилган режадан ўт очишни тўхтатиш, ўтиш даври кенгашининг Яман жанубида эълон қилинган мухториятдан, шунингдек, Аден шаҳри губернатори ва хавфсизлик раҳбарини тайинлашдан воз кечишини ўз ичига олади. Бундан ташқари, Яман бош вазирига 30 кун ичида янги ҳукумат тузиш ваколати берилади.
Ўтиш даври кенгашининг сайтида маълум қилинишича, сепаратистлар апрель ойида жорий этилган мамлакат жанубини мустақил бошқариш режимидан воз кечган. Жанубий ўтиш даври кенгаши 2017 йилда тузилган. Бир қанча муддат улар Яманнинг тан олинган ҳукумати билан биргаликда «Ансар Аллоҳ» хусийлар ҳаракатига қарши курашиб келган, бироқ кейинчалик ўрада можаро юзага келган. 2019 йилда сепаратистлар Аден шаҳрини эгаллаб олган, 2020 йилнинг апрелида эса Яманнинг барча жанубий вилоятларида ўз ўзини бошқариш режимини жорий этган. Эслатиб ўтамиз, июль ойининг бошларида Саудия бошлиқ коалиция Ямандаги хусийлар жойлашган позицияларга авиазарбаларни амалга оширган эди. Яман инқирози БМТ томонидан энг ёмон гуманитар инқироз дея тилга олинган.
Ҳайит муборак
31 июль куни мамлакатимизда Қурбон ҳайити куни нишонланмоқда. Шу муносабат билан барча юртдошларимизни Қурбон ҳайити билан муборакбод этамиз.Бу йилги ҳайит ўзгача бир вазиятга тўғри келди. Бу йил худди Рамазон ҳайитида бўлгани сингари Қурбон ҳайитида ҳам масжидларда ҳайит намозлари адо этилмайди. 31 июль, 1–2 август кунлари бутун мамлакат бўйлаб ҳаракат чекланиши белгилаб қўйилди.
Изоҳ (0)