Ўзбекистонда давлат мулки объекти бўлган футбол стадионлари ва майдонларининг фойдаланиш мақсадларини ўзгартириш ва сотувга чиқариш тақиқланади. Бу ҳақда президентнинг 21 августда имзоланган қарорида белгиланди.

“Ўзбекистонда футбол соҳасини рақамлаштириш ва оммавийлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, 2025 йил якунига қадар давлат мулкидаги футбол стадионлари ва майдонлари хатловдан ўтказилади. Хатлов натижалари бўйича футбол стадионлари ва майдонлари тўғрисидаги маълумотлар 2026 йил июлигача “Миллий футбол электрон платформаси” ахборот тизимига киритилади.
Эгаси номаълум стадион ва майдонларининг ер участкалари ва бино-иншоотлари хатловдан ўтказилиб, уларга бўлган ҳуқуқлар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш таъНминланади.
Кадастр агентлигининг ахборот тизимларига давлат мулкидаги футбол стадион ва майдонларининг фойдаланиш мақсадлари ўзгартирилиши ҳамда сотувга чиқарилиши тақиқланиши бўйича тегишли чора-тадбирлар доимий равишда амалга оширилади.
Юқоридаги вазифалар учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул этиб белгиланди.
2025 йил 1 октябрдан бошлаб маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича “Ҳар бир маҳаллада футбол майдони” дастури жорий этилади. Дастур доирасида маҳаллалардаги бўш турган давлат ер участкалари уларнинг бир қисмида футбол майдони барпо этиш ва камида 10 йил давомида унинг фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаслик шарти билан аукцион савдоларига чиқарилади.
Электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига харид қилинган бўш турган ер участкаларининг қолган қисмидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи берилади.
2024 йилнинг январида “Пахтакор футбол клуби”нинг 100 фоиз давлат улуши, шу жумладан унга тегишли футбол майдони сотувга қўйилганди. Жамоатчилик томонидан билдирилган фикрлардан сўнг оммавий савдо жараёнлари вақтинчалик тўхтатилганди.
Изоҳ (0)