Ўзбекистонда 25 июнь соат 23:30 дан 26 июнь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 250 та ҳолат қайд этилди. Тўрт кундан буён янги касалланганлар сони 200 нафардан ошмоқда. Бир кун ичида 250 кишида касаллик аниқланиши 25 июнда ўрнатилган рекорддан кейинги иккинчи натижа ҳисобланади. Бир кун аввал 276 кишида касаллик аниқланганди. Янги қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 7427 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 220 нафари карантин муассасаларида;
  • 25 нафари аҳоли орасида (Хоразм вилоятида — 10 нафар, Тошкент шаҳрида — 8 нафар, Тошкент вилоятида — 5 нафар, Бухоро вилоятида — 1 нафар, Сирдарё вилоятида — 1 нафар);
  • 5 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Сирдарё вилоятида — 3 нафар, Хоразм вилоятида — 2 нафар) аниқланган.

Кун давомида Ўзбекистоннинг 5 та ҳудудида янги ҳолатлар қайд этилди. Уларнинг барчасида аҳоли орасида касаллик аниқланди. 26 июнда касаллик аниқланган ҳар ўнинчи (250 нафардан 25 нафари) одам аҳоли орасидан чиқди.

Тошкент шаҳрида янги касаллик ҳолатлари аввалги кунларга нисбатан анча кам бўлди. 25 ва 24 июнь кунлари 69 нафардан одамда касаллик аниқланганди. 26 июнь куни эса пойтахтда 26 кишида касаллик қайд этилди. Булардан 18 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 8 нафари аҳоли орасида аниқланган. Аҳоли орасида касаллик қайд этилиши бўйича 26 июнда Тошкент шаҳри Хоразмдан ортда қолиб кетди. Умуман олганда, пойтахт июнь ойида 18 марта аҳоли орасида энг кўп касаллик аниқланиши бўйича кун етакчиси бўлган. Тошкент шаҳрида фақат 3 июнь куни аҳоли орасида касаллик аниқланмаганди.

Хоразм вилоятида охирги вақтларда касаллик аниқланса, камида 10 кишидан коронавирус чиқмоқда ва бу кўрсаткич ҳар сафар кўпайиб бормоқда. 15 июнь куни 10 кишида, 19 июнь куни 12 кишида, 20 июнь куни 13 кишида,  23 июнь куни 14 кишида, 26 июнь куни эса 22 кишида коронавирус аниқланди. Май ва июнь ойларида вилоятда бир кунда бунча кўп касаллик қайд этилмаётганди. Вилоятда 26 июнь куни аниқланган ҳолатларнинг 10 таси аҳоли орасида, 10 таси карантиндагилар орасида ва 2 таси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида қайд этилди. Янги ҳолатлардан сўнг Хоразм вилоятида касаллик қайд этилган беморлар сони 300 нафардан ошди.

Тошкент вилоятида янги касалланиш ҳолатларининг 9 таси карантиндагилар орасида ва 5 таси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда кетма-кет 10-кун аҳоли орасида касаллик қайд этилмоқда. Тошкент вилоятида 13 кун ичида биринчи марта халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчиларида касаллик аниқланмади.

Сирдарё вилоятида аниқланган 7 та ҳолатдан 3 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 3 таси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида ва биттаси аҳоли орасида қайд этилди. Вилоятда 3 кун аввал ҳам карантиндагилар, ҳам аҳоли орасида, ҳам халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида касаллик аниқланганди.

Бухоро вилоятида қайд этилган 2 та ҳолатнинг биттаси карантиндагилар орасида, яна биттаси аҳоли орасида аниқланди. Вилоятда 2, 5, 10, 12, 14, 15, 16, 17 ва 21 июнь кунлари ҳам янги касалланиш ҳолатлари қайд этилган, ушбу кунлар ичида 15 июндан бошқа барча кунларда аҳоли орасида коронавирус аниқланган.

Касалликдан даволаниш

26 июнь давомида 161 нафар фуқаро соғайди. Улардан 123 нафари Тошкент шаҳри, 19 нафари Қашқадарё, 14 нафари Навоий вилоятлари ва 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Бу бир кун ичида коронавирусдан соғайиш бўйича 25 июнда ўрнатилган рекорддан кейинги иккинчи натижа. Бир кун аввал 192 киши касалликдан соғайганди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 7427 нафар бемордан 5038 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил этмоқда. Бу 4 майдан кейинги энг паст кўрсаткич.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июнга келиб уларнинг сони 2000 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2369 нафар бемордан 1964 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 405 нафар бемор мамлакатнинг 10 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Жиззахда 2, Қорақалпоғистонда 2, Андижонда 14, Наманганда 24, Сурхондарёда 30, Бухорода 31, Самарқандда 40, Навоийда 43,  Хоразмда 78 ва Қашқадарёда 141 нафар бемор қолди. Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2369 нафар бемордан 18 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка ичида аҳволи ўта оғир беморлар 2 нафарга кўпайди.  16 июндан 19 июнгача шифохоналарда биронта ҳам аҳволи ўта оғир беморлар қолмаганди. Энди эса аҳволи ўта оғир беморлар сони энг катта кўрсаткичга чиқди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 20 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. Июнь ойида 5 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. Коронавирусдан вафот этган деновлик аёлда чиндан ҳам коронавирус бўлганини Соғлиқни сақлаш вазирлиги аёлнинг ўлимидан 5 кун ўтиб тасдиқлаганди.

Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ҳокимлиги ҳам 31 майда ўлими қайд этилган фуқаро коронавирусдан вафот этганини 17 июнь куни маълум қилганди. Аммо Китобда вафот этган фуқарони Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан вафот этганлар рўйхатига киритмаган.

Карантиндагилар

Бир кунлик танаффусдан сўнг ССВ карантиндаги фуқаролар ҳақида маълумот беришни бошлади. Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 37 377 нафар, стационар карантинда эса 22 088 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.