«Дарё» сайтида  ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз. Янгиликларимиз, сезганингиздек, асосан дунёни титратган тождор вирус ҳақидадир. Энди у бизда ҳам бор...

15 март куни Республика вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди. Маълум бўлишича, асли касби шифокор бўлган аёл 11 март куни Париждан учиб келган, аммо аэропортдаги текширувда касаллик аломатлари сезилмаган. Унда коронавирус аниқлангач, бирга учиб келган йўловчилар ҳам карантинга олинди.

Бу воқеа Ўзбекистонда коронавирус учқунини ёқди. Кундан кунга неча нафар фуқаромизга вирус юққани ҳақида ўқимоқдамиз. Ахборот сайтлари ва каналларининг бош мавзуи коронавирус бўлиб қолди. Фуқарони ҳақиқий аҳволдан хабардор этиб туриш учун телеграмда «Koronavirus.info» канали ташкил этилиб, узлуксиз хабар ва маслаҳатлар бериб борилмоқда. Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 43 нафарга етди. Аммо такрорий текширувда хоразмлик бўлмиш 43-беморда коронавирус аниқланмади. Айни пайтда у карантинда сақланмоқда.

* * *

Карантин тушунчаси маҳсулотлар нархи билан бирга юради. Ўзбекистонда карантин эълон қилиниши билан одамлар ташвиш ичида магазинларга чопди. Бу эса нархларга таъсир қилмай қолмади. Тиббий ниқоб, антисептик суюқлик, ҳожатхона қоғозлари сотувда қолмади. Картошка, ун ва ёғнинг баҳоси кўтарилди.

Давлат аҳволга дарҳол эътибор қаратиб, нархларни сунъий оширмасликка чақирди. Вилоятлардаги ҳокимлар бозорни айланиб нархларни текшира бошлади. Қишлоқ хўжалиги вазири «маҳсулот етишмаслиги бўлмайди», дея аҳолига далда берди. Уламолар давлат чақириғини қўллаб-қувватлаб, нарх-навонинг сунъий оширилишини ҳаром деб айтди. Айтиш лозимки, саховатпеша кишилар зарурий маҳсулотларни аҳолига бепул тарқатаётгани ҳолатлари учраб турибди.

* * *

Ўзбекистонда коронавирус карантини эълон қилинди. 16 мартдан хорижий давлатлар билан барча авиарейслар бекор қилинди. Наврўз сайиллари тўхтатилди. Болалар боғчалари, ўрта мактаблар ва олий таълим муассасалари (давлатникими, хусусийми, фарқи йўқ) карантинга ёпилди. Унинг ўрнига онлайн ва телевидение орқали дарслар йўлга қўйилди.

Фото: «Дарё»

Жума намозлари вақтинча ўқилмаслигини муфтий Усмонхон Алимов эълон қилди. Муфтий аҳолига намозларни уйда адо этишини тавсия қилди. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси коронавирус даф бўлиши учун тавсия қилинган дуолар ва амалларни эълон қилди.

Аввалроқ коронавирус Ўзбекистондаги март ойида бўладиган тўйларга таъсир кўрсатмайди, дейилаётган эди. Бироқ 23 мартдан тўйларнинг ўтказилиши ҳам бекор қилиниши айтилди. Энди шошилинч ҳолатдаги одамлар кам сонли одам иштирокида (суннатга мувофиқ) камтарона тўй ўтказа олади холос. Шу билан бирга, чойхона ва ошхоналар ҳам ёпилди. Фақатгина озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари ишлаб туради.

Тошкентда 22 мартдан автобус, метро ва «маршрутка»лар ҳаракати тўхтатилди. Карантин вақтида ишлаган шифокорлар маоши 120 фоизга оширилиши ваъда қилинди. Халқ бошига ташвиш тушганда шифокорлар малҳам бўлишини урғулаган депутатлар айни вақтда уларнинг маоши бир неча баробар оширилишини ҳукуматдан сўради.

Карантин қачон тугаши аниқ эмас.

* * *

Шавкат Мирзиёев 18 март куни ўтказган видеоселекторида коронавирус масаласига тўхталиб ўтди. Шу куни коронавирус юқтирганлар сони 15 нафарга етганди. Президент мамлакатдаги вазият тўлиқ назорат остида эканини айтиб, дуч келишимиз мумкин бўлган муаммоларни тилга олди. Жумладан, ресурслар борасида гапириб, «Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим», деди. Фуқароларни телеканаллардаги қизиқарли кўрсатувлардан баҳраманд бўлишга чорлади, шу билан бирга ортиқча уйдирма миш-мишлар тарқатилишини қоралади. Нефть ва газ нархининг тушиши ҳамда туристлар камайиши боис дармадимиз камайиши ҳақида гапирди. Бу борада зарур чораларни кўрсатиб ўтди.

Президент 19 март куни ўтказилган йиғилишида ҳам барчани коронавирусдан огоҳликка чорлади. «Битта нарсани билишларинг керак: менга таъсир қилмайди, менга тегишли эмас экан, деган раҳбар, фуқаро, тадбиркор ва умуман оқсоқолларимиз, ёшларимиз хато қилади. Бу нарса ҳаммамизга боғлиқ. Ҳаммага таъсир қилади. Агар кимда-ким касаллигини билиб, яшириб, уйда ўтирса, халқимизга хавф-хатар етказадиган омилга айланади. Бу бўйича жиноий жавобгарлик бор», деди мамлакат раҳбари.

* * *

Дайжестимизда коронавирусга алоқадор бўлмаган ягона хабаримиз бор. 8 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ҳамда 13 йил тўрт ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Фото: Facebook / Имон Каримова

Ўтган ой Гулнора Каримова президентга хат ёзиб Швейцарияда музлатиб қўйилган 686 миллион доллар миқдоридаги маблағга даъводан воз кечишга тайёрлигини билдирган эди.

* * *

Бу ҳафтада дунёда глобал инқироз бошланди. Инқироз барча давлатларга таъсир кўрсатади, ЯИМнинг пасайиши ёки ўсишдан тўхташига олиб келади. Коронавирус халқаро иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни тўсиб қўйиши иқтисодни музлатади, ишлаб чиқаришни тўхтатади.

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларига кредит олган тадбиркорларга коронавирус сабаб имтиёз даври беришни тавсия қилди. Шунингдек, март ойининг бошида Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасини кўриб чиқиб, базавий ставкани ўзгаришсиз қолдирган ҳолда 16 фоиз деб белгилади. Ўзбекистонда коронавирус сабабли юзага келадиган иқтисодий муаммоларга қарши курашиш учун 10 триллион сўм ажратилди.

Фото: «Дарё»

Хўш, коронавирус «ишдан чиқарган» соҳалар қандай қўллаб-қувватланади? 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади. Қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади. 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар, уларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади.

* * *

Ҳурматли ўқувчи, «коронахабар»ларимиз ниҳоясига етди. Барча ахборот сайтларининг бош мавзусига айланган вирус балоси тезроқ даф бўлишини тилаган ҳолда сиздан шифокорларнинг тавсияларига амал қилишингизни, шошилинч заруратсиз жамоат жойларига чиқмаслигингизни сўраймиз. Дайжестни ёзиб тугатганимизда коронабеморларимиз сони 43 нафарга етгани хабарини олдик. Кейин бир беморга вирус юққани шубҳа остидалиги айтилди. Нима бўлганда ҳам, уларнинг ҳолати оғир эмаслиги кишига бироз таскин беради.