Гонконг ҳукумати Хитойнинг ушбу махсус маъмурий вилоятида истиқомат қилувчи катта ёшдаги аҳолининг барчасига коронавирус сабаб юзага келган вазият сабаб ижтимоий ёрдам сифатида 1,3 минг АҚШ долларидан пул беради. Бу ҳақда маҳаллий администрациянинг молиявий масалалар бўйича котиби (молия вазири) Пол Чанга таяниб, «ТАСС» хабар берди.
«Сўнгги ойларда ижтимоий кўтарилиш (2019 йилнинг ёзида содир бўлган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари) ва янги турдаги коронавирус эпидемияси Гонконг иқтисодиётига оғир зарба бўлди», — дейди Пол Чан.
«Узоқ ҳисоб-китоблардан сўнг, мен Гонконгнинг 18 ёшдан катта бўлган барча аҳолиси истеъмолини рағбатлантириш ва уларнинг молиявий юкини енгиллаштириш учун 10 минг гонконг долларидан маблағ ажратишга қарор қилдим», — дейди молия вазири.
Аввалроқ Гонконг расмийлари COVID-19 коронавирусининг канализация қувурлари орқали тарқалиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Гонконг ҳукумати коронавирус тарқалиши сабабли мактаб таътилини 16 мартгача узайтирган.
Эслатиб ўтамиз, Гонконгда 2019 йилнинг иккинчи ярмида норозилик намойишлари экстрадиция тўғрисидаги қонун сабаб ўтказилди. Намойишчиларнинг фикрига кўра, ушбу қонун Хитойдан Гонконгга қочган диссидентларга қарши қаратилган. Гонконг маъмурияти раҳбари Кэрри Лам 4 сентябрь куни ушбу қонун лойиҳасини қайтариб олганди.
Изоҳ (0)