Бугун, 18 август куни Ўзбекистон президенти Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида қурилган Миллий футбол марказида бўлди. Бу ҳақда Президент ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, марказ фойдаланишга топширилган бўлиб, унда қатор имкониятлар яратилган. Жумладан, бир вақтнинг ўзида олтита терма жамоа ўқув-машғулот йиғинларини ўтказа олади.

Бунинг учун стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари, меҳмонхона қурилган. Қўшимчасига пляж футболи майдони, футзал манежи, бассейн ва реабилитация бўлими ҳам бор.

Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун тўртта тузилма ташкил этилган. Улар: Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси, Спорт тиббиёти ва реабилитация марказидир.

Президент мажмуада яратилган шароитлар билан танишган. Қайд этилишича, Футбол тиббиёти ва реабилитацияси бўлимига хорижий ускуналар олиб келинган, энг илғор услублар ўзлаштирилган. Бу футболчиларга қисқа вақт ичида жисмонан тикланиш имкониятини беради.

Футбол академиясида ёш истеъдодлар сараланиб, тарбияланади. Буни халқаро даражада ташкил этиш учун марказга Аргентина, Венгрия ва Хорватия каби давлатлардан мутахассислар жалб қилинган. Улар малакали мураббий, ҳакам, таҳлилчи, селексионер ва футбол менежерларини тайёрлашда иштирок этмоқда. Мажмуада “VAR маркази” ҳам ташкил этилган.

Давлат раҳбари шу ерда спорт фахрийлари ва ёш футболчилар билан суҳбатлашган. Ўзбекистонда футбол энг оммавий спорт экани, уни ривожлантириш изчил давом эттирилиши таъкидланган.

Жорий йил апрелда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё кубогида 17 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланма олганди. Президент ушбу жамоа футболчилари билан учрашган.

“Биз ҳамма соҳада дунёда муносиб ўрин эгаллашга интиляпмиз. Спортчиларимиз буни тезроқ етказа олади. Сизлар иродали ғалабангиз билан, халқимиз меҳнат қилса, ҳаракат қилса, ҳамма нарсага қодир эканини яна бир бор исботладингиз. Бутун дунё сизнинг тимсолингизда азму шижоатли, ғурури баланд, ҳеч қачон интилишдан қайтмайдиган янги Ўзбекистон авлодини кўрди. Энди футболни ҳозиргидан ҳам 2-3 карра кўпроқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиздек ёшлар халқимизнинг ишончи, президентнинг қувончисизлар”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, президент икки йил олдин марказга келиб, мавжуд стадионга туташ ҳудудда замонавий мажмуа қуриш зарурлигини айтганди. Кўп ўтмай, 2023 йил 3 ноябрда “Футбол-таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос келадиган футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори имзолан.
Изоҳ (0)