Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, муҳтарама оналар, азиз опа-сингилларни самимий қутлади. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, қадр-қимматини улуғлаш давлатимиз сиёсатида етакчи ўринда эканини таъкидлади.

Хусусан, 2017 йилда бошқарув соҳасида ходимларнинг 20 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Бу жамиятимиз ривожига ҳам ижобий таъсир этмоқда. Энг муҳими, ақл-заковатли, билимли ва истеъдодли хотин-қизлари давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида намуна бўлишмоқда.
Ўтган йили Олимпия ва Паралимпия ўйинларида аёл спортчиларимиз 3 нафари олтин, 8 нафари кумуш, 3 нафари бронза медалини қўлга киритди. Маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро танловларда 25 нафар, мамлакат миқёсидаги кўрик-танловларда эса 71 нафар истеъдодли қиз ғолиб бўлди.

Президентимиз аёлларнинг оғирини енгил қилиш, уларга қўшимча шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак, тўғри бўлади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, янгиланган Конституциямиздаги ижтимоий давлат тамойилига мувофиқ, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам янгича ташкил этилмоқда. Жорий йилда ногиронлиги бўлган 162 минг нафар аёлга санаторий, шифохона ва ўзлари яшаётган маҳаллада тиббий ёрдам кўрсатилади, боқувчисини йўқотган 130 минг нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилади, яна 6 мингининг уй-жой шароитлари яхшиланади, меҳнатга лаёқатли аёллар ишга жойлаштирилади.
Шунингдек, ҳар йили оғир вазиятга тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қиз мамлакатимиздаги сўлим масканларга ўқиш ва ҳордиқ чиқариш учун юборилади.
Хотин-қизларнинг саломатлиги – ҳар томонлама соғлом ва қудратли жамият пойдеворидир. Шу мақсадда 230 та туғруқ муассасаси 21 мингта энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, жорий йилда 1,5 миллион нафар хотин-қизда саратон касаллигини эрта аниқлаш мақсадида скрининглар ўтказилади.
Қиз боланинг ўқиши бутун оилага наф келтириши яна бир бор таъкидланди. Агар оила билимли, маърифатли бўлса, жамиятнинг онги, маданий даражаси ҳам юксалади.

Талабаларнинг 52 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этаётгани мана шу эзгу ғоянинг амалий натижаси дейиш мумкин. Ўтган йилнинг ўзида магистратурада ўқиётган 15 мингга яқин хотин-қизларга 100 миллиард сўмга яқин контракт пули тўлаб берилди.
Ҳозирги вақтда 6 минг 200 дан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланаётгани, илмий ишланмаларнинг 25 фоизини олима аёллар яратаётгани ҳам, жамиятда уларнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Ҳар бир оиладаги қизлар боғча, мактаб билан тўлиқ қамраб олиниши, замонавий касб-ҳунар ва чет тилларини эгаллаши, олий маълумотга эга бўлиши учун бундан буён ҳам барча шароитлар яратилади.
Хусусан, бу йил 250 минг нафар қиз олий таълимга қамраб олинади. Бу 2017 йилга нисбатан 3,5 карра кўп. Яна 250 минг нафар аёл касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади. “Ёрқин келажак” лойиҳаси доирасида камида 200 нафар қиз ҳар йили дунёнинг нуфузли олийгоҳларига ўқишга юборилади.
Изоҳ (0)