Клиплардаги иштироки билан томошабинлар назарига тушган маҳоратли актриса Юлдуз Ражабова 23 декабрь куни 34 ёшни қарши олди. Ушбу сана муносабати билан актрисанинг ҳаёти ва ижод йўлига назар ташлаймиз.
Юлдуз Ражабова 1989 йилнинг 23 декабрида Навоий шаҳрида туғилган. Унинг онаси уй бекаси, отаси эса журналист бўлиб, актрисанинг бир акаси бор. Юлдуз болалигида санъатга қизиқиши боис Навоий шаҳридаги Фарҳод номли маданият саройидаги рақс тўгарагига қатнашган. Ўрта мактабни тамомлагач, таржимон бўлиш ниятида чет тилларини ўрганишни бошлаган. Лекин бу соҳада ишламаган.
Кейинчалик Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган. Юлдуз ўз ижодий фаолиятини шу олийгоҳ қошидаги театрда бошлаган. Кейинчалик видеоклиплардаги иштироки билан танила бошлаган. Актриса 2013 йилда Саид Мухторовнинг “Хазон” номли қисқа метражли фильмида илк бор суратга тушди. У фаолияти давомида бугунгача “Турист” (2013), “Сотқин” (2016), “Юрагимдасан” (2018), “Ойқиз эртаги”, “Мақсад” (2018) “Скорпион”(2018), “Ёлғон гирдоби” (2018) каби фильмлар ва “Мендирман Жалолиддин” номли сериалда суратга тушди. Юлдуз айни дамда “Дийдор” театр студиясида фаолият юритади.
Актриса Оскар мукофотига тавсия этилган “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ҳам бош ролни ижро этган.
“Икки йил жаҳон тиллари университетига топшириб, кира олмаганман”
— Болаликдан рақс санъатига қизиққанман, аммо таржимон бўлиш хоҳиши устунлик қилган. Инглиз тилини ўрганишга жиддий киришганман, аммо икки йил Жаҳон тиллари университетига ҳужжат топшириб киролмаганман. Учинчи йил Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топшириш фикри туғилган. Албатта, қаршиликлар бўлган, аммо онам ҳамиша қўллаб-қувватлаб, имтиҳонларга ўзи олиб келган. Ҳар қандай инсон қўллаб-қувватлайдиган одамга муҳтожлик сезади. Бирор ишни қилишда иккиланиб турсангиз, ўша инсоннинг ишончи катта куч беради. Актриса бўлишимга онамнинг ишончи юқори бўлган.
Ҳозир инглиз тилини биламан ва ўрганишда давом этяпман
“Рэп айтишга қизиқаман”
Юлдуз Ражабованинг яхши қўшиқ айта олишини кўпчилик мухлислари билади. Актриса бундан бир неча йил аввал Максим Фадеевнинг “Ойналардаги рақслар” қўшиғини ижро этиб, Instagram’даги саҳифасига жойлаштирган ҳамда мухлисларининг таҳсинига сазовор бўлган эди. Хонанда интервьюларидан бирида рэп куйлашга қизиқишини айтиб ўтган.
— Рэп йўналишидаги қўшиқни айтишга қизиқаман. Болаликдан қўшиқчиликка иштиёқим баланд бўлган. Лекин айнан соф рэп йўналишида қўшиқ айтишни орзу қиламан
“Ялиндик, ёлвордик, лекин улар қўлимиздаги ҳамма нарсани тортиб олди”
Актриса интервьюларидан бирида болалигида онаси билан бўлган аянчли воқеа ҳақида сўзлаб берган.
— Онам бозорда китоб сотарди. Мен ҳам мактабдан сўнг онамнинг ёнига бориб, унга ёрдам берардим. Китобларни биргаликда сотардик. Бир кун бозорга текширувчилар келди. Бизда рухсатнома бор эди, бироқ унинг амал қилиш муддати бир оз ўтганди. Тошкентдан келган текширувчилар қўлимизда нима бўлса, ҳаммасини тортиб олишди. Китоб, дафтар, қалам, ручка — ҳаммасидан айрилдик. Ўша куни онамнинг юз ифодасини, нималар ҳис этганини жуда яхши хотирлайман. Бир фарзанд ўлароқ онангга ёрдам бера олмаслик, жуда ҳам оғир. Бу кун ҳеч қачон эсимдан чиқмайди. Биз у инсонларга ялиндик, ёлвордик, аммо афсуски ҳеч қандай натижа бўлмади. Ундан сўнг оёққа қалқиш жуда қийин бўлди. Онам катта қарз кўтариб, ишини нолдан бошлади. Қарзларни секин-аста узиб, оёққа турдик”, — дея хотирлайди Юлдуз Ражабова.
“Яқинда яхши бир уй олдим. Онам ‘Ўтган яхши ёмон кунларимиз учун, айнан ушбу тақдир йўлини яшаб ўтганимиз учун шукр’, дедилар”, — дейди актриса.
Талабалик йилларидаги моддий қийинчиликлар ҳақида
— Институтда ўқиган пайтларимда пул масаласида қийналганман. Тўртта курсдошим билан нонни олиб, кесиб “сухарик” қилардик ва бутун кун давомида шуни еб юрар эдик. Стипендия олиш учун ижтимоий фанлардан ҳам яхши баҳога ўқиганман. Стипендияни олишим билан турадиган уйимизнинг ижара ҳаққини берардим. Инсон ўзини ўзи эплай олади, лекин оиласи билан бўлса қайсидир нарсалардан воз кечиб пул ишлашига тўғри келади.
“Мендирман Жалолиддин” сериалида жуда катта муҳаббат бор
“Мендирман Жалолиддин” сериали ҳақида бошидан салбий изоҳ берила бошланди. Фикрлар фақат салбий бўлди. Мен Озодбек аканинг фикрларини тушундим, бу сериал фақат биз учун эмас, тарихимизни чет элга сотиш учун биздаги жаҳон стандартларига мос бўлган актёр, актрисаларни кўрсатиш, жаҳон стандартларига мос бўлган лойиҳа яратиш учун қилинди. Бир ҳафтада сериалнинг битта қисми намойиш этилди. Бошқа мамлакатларда ҳам сериалларнинг битта қисми ҳафтада бир марта чиқади.
Биз ҳам бутун дунёга мослаб шу нарсани қўллаб кўрдик. Кунлик сериал олиш жуда ҳам қийин. Туркияда, Қозоғистонда ёки бошқа мамлакатларда сериалларнинг бир қисми ҳафтада бир маротаба бериб борилади. Бир ҳафтада биринчи, иккинчи ҳафтада иккинчи ва учинчи ҳафтада учинчи қисмини тақдим этишади, сифат ҳам шунга яраша бўлади.
Бир кунда 35 та эпизод суратга олинса, сериал сифатсиз бўлиб қолади. Сериални томоша қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг ўз фикри. Биз унга жонимизни бериб ишладик. Яхши нарса чиқди, жуда ҳам катта меҳнат бор бўлган лойиҳа бўлди. Сериалда жуда катта муҳаббат бор.
Юлдуз ва Эмре
Юлдуз Ражабова “Мендирман Жалолиддин” сериалининг суратга олиш жараёнларида турк актёри Эмре Кивилжим билан танишди. Эмре сериалда Жалолиддинни, Юлдуз эса Жалолиддиннинг севгилиси Қутлибекани ижро этди. Бора-бора актёрларнинг экрандаги севгиси ҳаётга ҳам кўчди. Юлдуз ва Эмренинг бир-бирга бефарқ эмаслиги “Мендирман Жалолиддин”нинг Тошкентдаги тақдимотида сезилди.
Орадан бир оз вақт ўтгач, Эмре Instagram саҳифаси орқали Юлдузни туғилган куни билан табриклади ҳамда “Туғилган кунинг билан севгилим” деб ёзди. Шундан сўнг Юлдуз ва Эмре ўртасидаги муҳаббат мухлисларга ошкор бўлди. Улар бир неча бор чет эл саёҳатларида ҳам биргаликда кўриниш берди.
Орадан икки йил ўтиб, Эмре Кивилжим “Видо мактуби” деб номланган сериалда суратга тушди. Шундан сўнг Эмренинг сериалдаги партнёри Робия Сойтуркка кўнгил қўйгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Бироқ Эмре журналист Жасур Ҳамроевга берган интервьюсида Юлдузга бўлган ҳислари ҳақиқий эканлигини таъкидлади.
“Юлдуз билан ҳали ҳам гаплашамиз, кўришиб турамиз. Муносабатларимиз ҳаммаси яхши. Севгимиз битмас, у мозорга қадар. Юлдузни ҳалиям юрагимдан севаман”, — деди Эмре.
“Бу тузаладиган касаллик эмас”
Юлдуз интервьюларидан бирида бир неча йилдан буён бош оғриқларидан азият чекиши ҳақида гапирган.
— Жуда кўп йиллардан бери мени бош оғриқлар қийнаб келади. Лекин бу мигрен билан боғлиқ. Айни шу касаллиги бор инсонлар мени яхши тушунади. Бу бош оғриқ билан ҳеч нарса қила олмайсиз. Баъзида шундай оғрийди, ҳеч қандай дори ёрдам бермайди. Мигренни даволаш қийин. Мен бир нечта шифокорлар билан маслаҳатлашиб, бу тузаладиган касаллик эмас, деган фикрга келдим. Уни қанақадир усуллар билан оғриғини камайтириш мумкин. Ёки ҳар олти ойда уколини олиш мумкин. Ҳозирда шулардан фойдаланяпман”, — дейди актриса.
Ишонган инсонлари ҳақида
— Биринчи навбатда инсон шахсий ҳаёти ҳақида гапиришга тайёр бўлиши керак. Инсон шахсий ҳаёти ҳақида янги ҳаётга қадам қўяётганда, ўзига ишонч ҳосил қилгандан кейин айтиши керак деб ўйлайман.
Ҳаётдаги танловлар борасида ўзим ишонган 3-4 кишидан маслаҳат оламан. Бир вақтлар атрофимда дўстларим бор эди, аммо вақт ўтиб битта ўзим қолиб кетган пайтлар ҳам бўлди. Бу борада ҳеч кимни айбдор қилмоқчи эмасман, лекин Аллоҳ синов берганда олдимизда ким қолишини ва қолмаслигини кўрсатиб берар экан. Ҳеч қачон дўстсиз бир ўзим қолиб кетаман, деб ўйламаганман. Яхши ҳам шунақа бўлди, шундан кейин ўзимни эшитишни бошладим.
Ўша пайтда атрофимда қолган 3-4 кишининг фикри меники билан ҳамоҳанг эканини тушуниб етдим. Бугунги кунда дўст танламайман, атрофимда ўзим ишонган яқинларим бор. Ўртоқларим бўлиши мумкин, лекин мен уларни ўзим ишонган тўрт инсон даражасига қўймайман. Чунки ҳаётда нима бўлишидан қатъи назар, оила аъзоларингиздан ташқари бошқа ҳеч кимга сизнинг соғлиғингиз ҳам, омадли ва тўғри бўлганингиз ҳам керак эмас.
“Янги лойиҳалардан таклифлар бор, лекин ҳозирги қилинаётган нарсалар профессионализм эмас”
— Клиплардаги ролларимни ҳар бир инсон учун фойдали дея олмайман, лекин доим ўзимга, энергиямга яқин нарса бўлишини хоҳлаганман ва шунақа лойиҳаларда чиқишга ҳаракат қилганман. Сериал туфайли Туркияга кетдим, шунинг учун ўзим ишлайдиган “Дийдор” театрида спектаклларга қатнаша олмадим. Энди Ўзбекистонга келдим, театримизда спектакллар бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Театрни жуда соғинганман. Раҳматли устоз санъаткор Баҳодир Йўлдошев оламдан ўтганидан кейин театримиз ҳувиллаб қолди.
Янги лойиҳалардан таклифлар бор, лекин ҳозирги қилинаётган нарсалар профессионализм эмас. Унақа лойиҳаларга бориб нима қиламан? Мен лойиҳа устида, характер устида ишлашим керак. У ерда нима қиламан?
Президент этирофи
Юлдуз Ражабова 2021 йилда Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Президент фармони билан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Актриса давлат раҳбари билан учрашув ҳақида интервьюларидан бирида катта ҳаяжон билан сўзлаб берган.
Ўшанда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев актриса Юлдуз Ражабова иштирокидаги “Мендирман Жалолиддин” сериалини эътироф этиб, уни ижодни сусайтирмасликка чақирган эди.
— 8 март—Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган маросимда давлатимиз раҳбари ўша тадбирда қатнашган барча аёлларни табриклаб, бирма-бир сўрашиб чиқди. Уларнинг бундай олийжаноблигини кўриб, айрим аёллар хурсандлигидан йиғлаб ҳам юборди.
Президентимизнинг маросимдаги хотин-қизлар билан сўрашишларини сира кутмагандим. Мен билан сўрашаётган вақтда ‘Кино зўр чиқди, ижодни сусайтирманг’, дея айтган эътирофи жуда ҳаяжонлантирди ва ўзимга нисбатан ишончни кучайтирди. Шунингдек, бундай эътибор ўз устимда янада қаттиқ ишлашимга бир туртки бўлди, масъулиятни оширди.
Изоҳ (0)