Агар сиз овқатланиш тартибингизни тўғрилаб, ҳаракатни кўпайтирган бўлсангиз-у, лекин тарозидаги рақамлар ўзгармаётган бўлса — бу ҳолатда организм “тўхташ” режимини ёққандек туюлади. Гўёки ҳеч қандай парҳез ҳам, машқ ҳам фойда бермайди. Бундай вазиятда муаммо моддалар алмашинуви — организмнинг оғирликдан тортиб умумий ҳолатигача таъсир қилувчи мураккаб тизимидаги бузилишларда бўлиши мумкин.

Метаболизм нима ва у нега секинлашади?
Бугунги кунда метаболизм (моддалар алмашинуви) ҳақида жуда кўп гапиришади, аммо кўпинча мавзу аниқ тушунтирилмайди. Аввало, унга қандай таъсир қилиш мумкинлигини тушуниш учун, бу тушунчанинг ўзи билан танишиб чиқиш керак.
Метаболизм — бу танадаги барча биокимёвий жараёнларнинг йиғиндиси бўлиб, унинг “тезлиги” организм тинч ҳолатда қанча энергия сарфлаши билан ўлчанади.
Шунингдек, метаболик синдром деган тушунча бор — бу углеводлар, ёғлар ва умумий моддалар алмашинувининг бузилиши билан боғлиқ ҳолат. Метаболик синдромнинг асосий белгилардан бири бу инсулин қаршилиги (инсулинрезистентлик) бўлиб, бунда тана тўқималари инсулинга ёмон жавоб бера бошлайди. Бу эса вақт ўтиши билан қон таркибида глюкоза ва инсулин миқдорининг ортишига, оқибатда моддалар алмашинувининг издан чиқишига, хусусан унинг секинлашишига олиб келади.
Овқатланиш, уйқу ва жисмоний фаоллик моддалар алмашинувига қандай таъсир қилади?
Моддалар алмашинуви тезлиги турмуш тарзига, айниқса овқатланиш, уйқу миқдори ва жисмоний фаоллик даражасига бевосита боғлиқ. Тана энергия мувозанатига жуда сезувчан: агар калория танқислиги юзага келса, у дарҳол “тежаш режими”га ўтади ва алмашинувни секинлаштиради. Аксинча, тўғри ва мувозанатли овқатланиш, айниқса оқсил етарли бўлса, метаболизмни фаоллаштириши мумкин — аммо бу одатда қисқа муддатли бўлади.
Бундан ташқари, организмнинг ички биологик ритмларини бошқарувчи механизм ҳам метаболизмда муҳим рол ўйнайди. Бу ритмларнинг ташқи омиллар билан — масалан, уйқусизлик ёки кечқурун овқатланиш билан номувофиқлиги инсулинга сезувчанликнинг камайишига олиб келиши мумкин. Бу эса 2-тип диабет ривожланиш хавфини оширади.
Уйқу етишмаслиги гормонлар мувозанатни, жумладан, иштаҳа ва тўқлик ҳиссини бошқарувчи гормонларни бузади. Бу эса метаболизмга салбий таъсир қилади. Кундалик биологик ритмлар истеъмол қилинадиган озиқ-овқат, энергия сарфи ва инсулинга сезувчанлик жараёнларини бошқаради. Ички биоритм ва ташқи муҳит орасидаги номувофиқлик бу жараёнларни издан чиқариб, метаболик касалликларга сабаб бўлиши мумкин.
Жисмоний фаоллик, айниқса куч машқлари, мушак массасининг ортишига хизмат қилади. Мушаклар эса тинч ҳолатда ҳам кўпроқ энергия сарфлайди. Мушаклар улуши қанча юқори бўлса, метаболизм шунча фаол бўлади. Ҳатто оддий кундалик юриш ҳам алмашинув тезлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Жинс, ёш, гормонлар ва генетика: яна нималар метаболизмга таъсир қилади?
Турмуш тарзидан ташқари, моддалар алмашинувига физиологик омиллар ҳам таъсир қилади: жинс, ёш, гормонал фон ва генетик мерос. Эркакларда метаболизм одатда тезроқ бўлади, чунки уларда мушак массаси кўпроқ. Ёшлик ўтган сайин алмашинув секинлашади, аммо мунтазам машқ ва соғлом овқатланиш тартиби билан уни фаоллигича сақлаб қолиш мумкин.
Генетика ҳам муҳим рол ўйнайди. Гормонлар ҳам сезиларли таъсир кўрсатади. Масалан, гипотиреоз (қалқонсимон без фаолиятининг сустлиги) бўлса, тўғри овқатланиш ва машқ қилинса ҳам метаболизм секинлашади. Инсулин даражаси ҳам муҳим. Доимий юқори инсулин, айниқса тез-тез еб туриш ва оддий углеводлар ҳаддан ортиқ истеъмоли натижасида юзага келса, алмашинув жараёнини секинлаштиради. Уч маҳал овқатланиш ва атистансиз тартиб ушбу гормоннинг сезувчанлигини сақлашга ёрдам беради.
Қўшимчалар ва нутрицевтиклар
Агар уйқу, овқатланиш ва ҳаракат тартибга солинмаган бўлса, ҳеч қандай капсула метаболизмни йўлга қўймайди. Бироқ комплекс тарзда улар ҳақиқатан фойда бериши мумкин.
Масалан, инсулинга сезувчанликнинг пасайиши ҳолатида қон шакарини меъёрга келтирувчи воситалар — саримсоқ, коэнзим Q10, клетчатка ёрдам бериши мумкин.
Л-карнитин ёғларни митохондрияга ташиш жараёнида иштирок этади ва айниқса фаол жисмоний машқлар билан шуғулланувчилар учун фойдали бўлиши мумкин. Бу моддалар танадаги ёғ захираларини энергия манбаи сифатида самарали ишлатишга ёрдам беради.
Яшил чой, занжабил ва аччиқ қалампир экстрактлари танадаги термогеник (иссиқлик чиқарувчи) эффект орқали энергия сарфини рағбатлантиради. Айниқса, яшил чой яхши ўрганилган: ундаги катехинлар ва кофеин дам олиш ҳолатида ҳам, жисмоний машқ пайтида ҳам ёғни оксидация қилишни кучайтиради.
PMC платформасидаги таҳлилга кўра, яшил чой экстракти кунлик энергия сарфини бир оз оширади ва тана вазнининг камайишига ёрдам беради. Бироқ бу таъсир индивидуал бўлиб, янада кўп клиник тадқиқотларни талаб қилади.
Занжабил ва аччиқ қалампир моддаси ҳам термогенезни кучайтириши мумкин, лекин бу борадаги маълумотлар ҳали аниқ эмас. Ҳаттоки табиий қўшимчаларни ҳам эҳтиёткорлик билан қабул қилиш керак.
Масалан:
• Клетчатка (ўсимлик толаси) — ортиқча ичак бактериялари синдроми (СIBO) бўлган ҳолларда ҳолатни янада оғирлаштириши мумкин.
• Саримсоқ — жигар касалликларида ҳар доим ҳам тавсия этилмайди.
• Қўшимчалар — ҳомиладор аёллар, болалар ва сурункали касалликлари бўлган кишилар томонидан фақат шифокор тавсияси билан қабул қилиниши керак.
• Семаглутид (Оземпик каби дорилар) — доимий назоратни талаб қилади ва узоқ муддат қабул қилинганда салбий таъсирлар келтириб чиқариши мумкин.
Моддалар алмашинувини тезлаштиришга халақит қилувчи хатолар
Одамлар метаболизмни фаоллаштирмоқчи бўлганида тез-тез қуйидаги хатоларга йўл қўйишади:
• Оч қолиш — энг кенг тарқалган хато, айниқса инсулинга сезувчанлик пасайган (инсулинрезистентлик) вақтида, бундай ҳолатда оч қолиш аксинча салбий таъсир кўрсатади.
• Тез-тез ва оз-оздан овқатланиш (бўлиб-бўлиб овқатланиш) — бу метаболизмни тезлаштирмайди, балки ошқозон ости безига ортиқча юк туширади.
• Калория миқдорини кескин камайтириш — бу алмашинув жараёнининг секинлашувига ва овқатланиш бузилишларига олиб келади.
• Фақат қўшимчаларга таяниш — ҳеч бир қўшимча тўғри уйқуни, машқни ёки мувозанатли овқатланишни алмаштира олмайди.
Натижа фақат комплекс ёндашувда бўлади. Қўшимчалар фақат ёрдамчи восита, холос. Соғлом моддалар алмашинувининг калити эса ўзгармайди: етарли уйқу, жисмоний фаоллик, мунтазам овқатланиш ва соғлиққа онгли муносабат.
Изоҳ (0)