Тошкент вилояти Пискент туманидаги кўприк қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди. Автомобиль йўллари қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари натижасини эълон қилди.
Келтирилишича, давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р19 Тўйтепа—Пискент А373 автойўлининг 14-километр қисмидаги темир-бетон кўприкда оғир юк ташувчи автотранспорт воситаси меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланган. Натижада кўприкнинг ўнг томонлама ҳаракат тасмасидаги оралиқ темир-бетон қурилмалари (“балка”) ва таянч (“свая”) қисмлари юкламага бардош беролмасдан синиб, автотранспорт воситаси билан биргаликда Тошканал каналига тушиб кетган.
Hоwо юк транспорт воситаси Р.Р.га тегишли бўлиб, автотранспорт воситасининг техник паспортига мувофиқ юксиз вазни 26,8 тонна ва тўла вазни 40 тоннани ташкил этади. Ҳужжатлари ўрганилганда транспорт воситасига қум юклангани ва юк хатига асосан қумнинг ҳажми 50 метр куб экани аниқланган. Транспорт воситасининг юксиз вазни 26,8 тонна, устига юкланган қумнинг оғирлиги 80 тонна биргаликда 106,8 тоннани ташкил этмоқда.
Кўприкда оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракатини тақиқловчи ва 8 тоннагача юк билан ҳаракатланиш мумкин эканини кўрсатувчи йўл белгилари ўрнатилганига қарамасдан, ҳайдовчи ушбу чекловларга амалга қилмаган. Бунинг оқибатида ушбу фавқулодда ҳолатнинг юзага келишига сабабчи бўлган.
Изоҳ (0)