Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлидаги кўприк қулаб тушди. Туман ҳокимлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, Муборак тумани ҳудудидан ўтувчи Муборак—Помуқ—Аланг—Нишон” автомобиль йўлининг 17-километрида 1982 йилда (зовур устида) қурилган, узунлиги 12 метр бўлган кўприк оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг мунтазам ҳаракатланиши натижасида носоз ҳолатга келиб қолган. Ҳозирда кўприкдан ҳаракатланиш тўлиқ чекланган, ахборот берувчи йўл белгилари ўрнатилган ва автотранспорт ҳаракати учун вақтинчалик айланма йўл ташкил қилинган.
Бироқ 16 февраль куни оғир автотранспорт воситаси айланма йўлдан ҳаракатланмасдан, авария ҳолатида бўлган мазкур кўприкдан ҳаракатланиши оқибатида кўприкнинг темир-бетон плиталари синиши ва қулаб тушиши содир бўлган. Ҳодиса натижасида салбий ҳолат кузатилмаган.
Мазкур кўприк “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, қайта қуриш белгиланган бўлиб, 2024 йил иккинчи чорагида тўлиқ қайта қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Амударёда янги қурилаётган темирйўл кўпригининг бир қисми қулаб тушганди. Ўшанда ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган. Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган эди.
Изоҳ (0)