Ижтимоий тармоқларда “Янги қурилган бинонинг аҳволи. Андижон шаҳрида қурилиши якунланмаган бинонинг охирги қавати” сарлавҳали видео тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Хабар юзасидан Андижон вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганиш ишларидан маълум бўлишича, объектнинг қурилиш ишлари 2022 йилнинг мартида бошланган. Назорат тадбирлари давомида фуқаро И.У. тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларисиз инспекцияни хабардор қилмасдан, объектда қўшимча 2 қават (4-5-қават) қўшиб, қурилиш ишларини амалга оширгани аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича фуқаро И.У.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 7-қисми билан маъмурий чора қўлланилган.
Қурилиш ишлари давомида бинодаги темир-бетон плиталарининг қулаб тушиши ва бино юқори қаватларидаги деворлар бузилишига ишчилар томонидан темир-бетон плиталар устига меъёрдан (меъёр бўйича 1 метр квардат юзага 800 кило юк тушиши белгиланган, лекин жойида ушбу юзага 1400-1500 кило атрофида юк жойланган) ортиқ қурилиш материаллари юклангани ҳамда юкларни автокранда тушириш жараёнида динамик қўйиш ҳосил бўлиши сабаб бўлган.
Инспекция томонидан объектнинг шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилган ва яроқсиз ҳолга келган 4 ва 5-қаватларини фуқаро И.У. томонидан техника хавфсизлик талабларига қатъий риоя этган ҳолда бузиб (демонтаж) олиши кераклиги тушунтирилган ва бинонинг 5-қавати демонтаж қилинган.
Қайд этилишича, ҳозирда фуқаро И.У.нинг молиявий муаммолари сабаб бинонинг 4-қаватини бузиш ва қурилиш ишларини давом эттириш вақтинча тўхтатилган. Объектнинг демонтаж ишларини бажариш ва қурилишни давом эттириш инспекция томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)