Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган металл тайёрлаш цехида содир бўлган вазият тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, бир неча кундан бери давом этаётган совуқ об-ҳаво, тоғли ҳудудларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол туфайли Enter Engineering компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги (АЗМК-3) вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаши натижасида техноген вазият вужудга келган.
Содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида воқеа жойида қурувчи компаниясининг 32 нафар ишчиси (барчаси Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган, улардан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олгани сабабли шифохонага жойлаштирилган. Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган.
“Айни вақтда содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини жойида ўрганиш, зудлик билан бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида масъул ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилган”, — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ташкент Индех “стоянкаси”даги 50 метрлик қаторнинг том қисми машиналар устига қулаб тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)