21 январь куни Афғонистонда қулаб тушган Россиянинг Falcon-10 бизнес-жетида кимлар бўлгани ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда “РЕН TV” хабар берди.
Афғонистон тоғларида ҳалокатга учраган самолёт йўловчилари россиялик эр-хотин Анна ва Анатолий (тадбиркор) Евсюковлар бўлган. Улар 15 декабрь куни Таиландга таътилга келган. Ўғли Виталий улар билан бирга бўлган. Бир неча кундан кейин Анна касалликка чалинган. 17 декабрь куни у Паттая шаҳридаги касалхонага ётқизилган. Таиландлик шифокорлар номаълум инфекция ташхисини қўйиб, аёлни сунъий нафас олиш аппаратига улаган.
Кўп ўтмай, Таиланд шифокорлари Анатолий Евсюковга хотинини Россияга олиб боришни тавсия қилган. Оила шахсий рейсни брон қилган. Эҳтимол, суғурта компанияси орқали. Клиника Аннани олиб чиқишга рухсат берганида, Анатолий ва унинг рафиқаси бўлган самолёт 20 январь куни Паттаядан учиб кетган. Улар Ҳиндистонда самолётга ёнилғи қуйдириш учун тўхташган. Кейинчалик Тошкентда ёнилғи қуйдириш ва Москвага кетиш режалаштирилган.
Бироқ Афғонистон ҳаво ҳудудида учувчилар двигатель ва ёнилғи билан боғлиқ муаммолар ҳақида хабар берган. Оқибатда самолёт радарлардан ғойиб бўлган ва Бадаҳшон яқинидаги тоғларга қулаган.
Виталий эса оддий рейсда Паттаядан учиб кетган. Baza нашрига кўра, у аллақачон Россияга учиб келган ва у ерда ота-онасининг ўлими ҳақида хабар топган.
Самолётни икки учувчи бошқарган
Афғонистонда ҳалокатга учраган самолётни икки учувчи: 41 ёшли Дмитрий Беляков ва 42 ёшли Аркадий Грачев бошқарган. Қолган икки экипаж аъзоси Игор Сивороткин ва Павел Попов дастлабки маълумотларга кўра шифокор бўлган.
Иккала учувчи ҳам шахсий учувчи гувоҳномаларига эга эди. Бироқ улар Falcon 10 ни бошқариш бўйича камроқ тажрибага эга бўлган, чунки бу бўйича машғулотлар 2023 йилгача ўтказилмаган. Ҳозирда самолётни қидириш ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, парвоз пайтида Тожикистон ҳаво ҳудудига киришидан бир оз олдин, Falcon 10 учувчилари кучли шамол ва паст парвоз баланси туфайли ёнилғи сарфи ортганини маълум қилган. Экипаж ёқилғи қуйиш учун Душанбедаги муқобил аэродромга боришга қарор қилган.
Бироқ кейинчалик учувчилар аввалига чап двигатель носозлиги, бир дақиқадан сўнг эса иккинчи двигатель носозлиги ҳақида хабар берган. 15 дақиқадан сўнг самолёт радардан йўқолган. Россия Тергов қўмитаси авиаҳалокат юзасидан жиноий иш қўзғатган.
Изоҳ (0)