Хитой олимлари ядровий материаллардан фойдаланмаган ҳолда водород асосидаги портловчи қурилмани муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Маълумотларга кўра, оғирлиги 2 килограмм бўлган бомба портлагач, икки сониядан ортиқ вақт давомида 1000 даражадан юқори иссиқликка эга оловли шар ҳосил бўлган. Бу кўрсаткич тротил портлашига қараганда 15 баробар узоқ давом этган.
Қурилма сув ости қурол тизимларининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган Хитой давлат кемасозлик корпорациясининг (CSSC) 705 илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган. Унда магний гидридига асосланган қаттиқ ҳолатдаги водород сақлагич қўлланилган. Бундай усулда водород газ баллонларига қараганда анча кўп ҳажмда сақланиши мумкин.
Магний гидрид фаоллаштирилганда тезда термик парчаланиш содир бўлади ва таркибида водород бўлган газ ажралиб чиқади ҳамда ёниб кетади.
Водород таркибли газнинг портлаши минимал ёниш энергиясида ҳам юз беради, кенг диапазонга эга бўлади. У тезда ташқарига отилиб чиқадиган ва кенг тарқаладиган аланга ҳосил бўлишига олиб келади. Ушбу комбинация портлаш интенсивлигини аниқ назорат қилиш, кенг ҳудудлардаги нишонларни бир текисда йўқ қилишга осон эришиш имконини беради, дейилади тадқиқотда.
Бундай бомбалар катта иссиқлик таъсирига сабаб бўлади, чунки портлаш натижасида ҳосил бўладиган оловли шар тротил портлашидаги 0,12 сониялик чақнашга қараганда анча узоқ давом этади.
Олимлар, шунингдек, портлаш вақтида ҳосил бўладиган ортиқча босим бомба марказидан 2 метр масофада 428,43 килопаскалгача етишини аниқлади. Бу тротил портлаш кучининг тахминан 40 фоизига тенг, аммо иссиқлик тарқалиш масофаси анча узоқроқ.
Ўтган йил кузида Хитой армияси 1980 йилдан бери илк бор синов тариқасида қитъалараро баллистик ракетани учирган эди. Ракета Хайнан оролидан учирилган ва тахминан 12 минг километр масофани босиб ўтиб, Тинч океанининг жанубий қисмида, Француз Полинезияси ороллари яқинига қулаган. Мутахассислар фикрича, гап уч босқичли қаттиқ ёқилғили ракета (DF-41 ва DF-31) ёки икки босқичли суюқ ёқилғили DF-5 ракетаси ҳақида кетмоқда.
Изоҳ (0)