Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни нодавлат таълим хизматлари тизимини такомиллаштириш, олий ва касбий таълимда сифатни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда таълим соҳасида хусусий секторга берилган имкониятлар туфайли 71 та хусусий олийгоҳ ва 51 та хусусий техникум ташкил этилиб, уларда 500 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 42 фоизга ошди.
Бугунгача амалга оширилган ишлар кўплаб ёшларнинг касбий ва олий маълумот олишига имкон яратди. Аммо, нодавлат таълим ташкилотларининг барчасида ҳам таълим сифати бирдек таъминланмаган. Нодавлат таълим ташкилотларида қабул параметрлари, таълим дастурлари, ўқув жараёнлари ҳамда илмий салоҳиятни сифат жиҳатидан яхшилаш, уларни замонавий меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш энг асосий масалалардан биридир.
Шу боис тақдимотда нодавлат таълим хизматларини кўрсатишни тартибга солиш, лицензиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш бўйича янги тизимни жорий этишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди. Бу борада илғор хорижий тажрибалар асосида икки босқичли лисензиялаш тизимига ўтиш, таълим дастурларини махсус аккредитациядан ўтказиш ҳамда ҳар беш йилда комплекс давлат аккредитациясини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, тақдимотда ривожланган давлатларнинг энг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, таълим сифатини ташқи баҳолаш билан шуғулланувчи алоҳида мустақил тузилма ташкил этиш ҳамда сифат назоратининг шаффоф, холис ва адолатли тизимини жорий қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Таълим сифатини таъминлаш ва ташқи баҳолашнинг жорий этилиши касбий ва олий таълим муассасаларида ўқитиш самарадорлиги ва илмий салоҳиятни ошириб, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова 2024 йилда республикада олий таълим муассасалари сони 211 тани ташкил этганини маълум қилганди. Уларнинг 112 таси давлат, 30 таси хорижий ва 69 та нодавлат олий таълим муассасалари ҳисобланади. Ўшанда 2024/2025-ўқув йилида жами 1 миллион 167 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олиши кутилаётганини айтганди.
Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент Кимё халқаро университети, Ўзбекистон Миллий университетида энг кўп талабаларда таҳсил олмоқда.
Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни — билим, таълим ва тарбия бўлади”, деб таъкидлаганди. “Мамлакатимиз келажагини таълимда кўраман. Билими бор одам ҳар қандай шароитда йўлини топа олади. Агар биз сифатли таълим бера олсак, фарзандларимизнинг келажагидан хавотир олмасак ҳам бўлади”, деган эди президент таълим соҳаси вакилларини тақдирлаш маросимида.
Изоҳ (0)