Европа Лигаси ярим финал босқичидаги илк баҳслар бўлиб ўтди. Унда “Манчестер Юнайтед” сафарда “Атлетик”дан йирик ҳисобда устун келган бўлса, “Тоттенҳэм” ўз майдонида “Будё/Глимт”ни мағлуб этди.

Бильбаодаги учрашув қизғин курашлар остида бошланди. Гарначонинг 6-дақиқада киритган голи офсайд сабаб бекор қилинган бўлса, 30-дақиқага келиб, манкунианликлар бари-бир ўз сўзини айта олди. Каземиро катта саҳнага чиқиб, жамоасининг ўйиндаги илк голини киритди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, “Атлетик” футболчиси қизил карточка олди ва майдонда бир киши кам бўлиб қолди. 37-дақиқада эса Фернандеш пенальтидан жамоасининг 2-голини киритди.
Учрашувнинг дастлабки тайми охирида манчестерликлар яна бир марта испан жамоаси дарвозасини ишғол қилди. Гол муаллифи — яна Фернандеш.
Баҳснинг иккинчи тайми ҳам қизғин ўтди, лекин амалда мухлислар ҳеч қандай голларга гувоҳ бўлмади ва “Манчестер Юнайтед” ярим финалнинг илк баҳсида ғалаба қозониб, ўз имкониятини яхшилаб олди.
Ярим финалнинг иккинчи учрашуви Лондонда бўлиб ўтди. Унда “Тоттенҳэм” Норвегиянинг “Будё/Глимт” жамоасини қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. “Шпорлар” ўйинда тезкор гол киритди. 1-дақиқада Брендан Жонсон рақиб дарвозасини ишғол қилди. 34-дақиқага келиб, лондонликлар 2 марта Норвегия жамоаси посбонини ранжитди. Учрашувнинг илк бўлими ушбу ҳисоб билан якунланди.
Иккинчи таймда “Тоттенҳэм” яна бир бор тўп киритишни уддалади. 61-дақиқада Доминик Соланке жамоасининг ўйиндаги 3-голини киритди.
Учрашув якуни арафасида “Будё/Глимт” ҳисобни биттага қисқартирди. Гол муаллифи — Улрик Салтнес. Ўйинни қолган дақиқалари ҳам қизғин кечди, бироқ дарвозалар бошқа ишғол қилинмади. Шу тариқа Лондон клуби ярим финалнинг биринчи учрашувида ғалаба қозонди.
Мазкур жамоалар ўртасидадаги жавоб баҳси 8 май оқшомида бўлиб ўтади.
Европа Лигаси
Ярим финал
“Атлетик” — “Манчестер Юнайтед” 0:3
Голлар: 0:1 — Каземиро (30), 0:2 — Фернандеш (пенальти, 37), 0:3 — Фернандеш (45).
“Тоттенҳэм” — “Будё/Глимт” 3:1
Голлар: 1:0 — Жонсон (1), 2:0 — Мэддисон (34), 3:0 — Соланке (пенальти, 61), 3:1 — Салтнес (83)
Изоҳ (0)