Ўзбекистонда 2024/2025-ўқув йили бошида 18-23 ёшдагиларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 47,7 фоизни ташкил қилган.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич 2014 йил билан солиштирилганда 40,9 фоизга ошган.
Республикада 18-23 ёшдаги аҳолини олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи йиллар кесимида қуйидагича ошиб борган:
- 2014 йил — 6,8 фоиз;
- 2015 йил — 7,0 фоиз;
- 2016 йил — 7,2 фоиз;
- 2017 йил — 8,3 фоиз;
- 2018 йил — 10,6 фоиз;
- 2019 йил — 13,3 фоиз;
- 2020 йил — 18,7 фоиз;
- 2021 йил — 28,2 фоиз;
- 2022 йил — 36,6 фоиз;
- 2023 йил — 45,9 фоиз;
- 2024 йил — 47,7 фоиз.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова 2024 йилда республикада олий таълим муассасалари сони 211 тани ташкил этганини маълум қилганди. Уларнинг 112 таси давлат, 30 таси хорижий ва 69 та нодавлат олий таълим муассасалари ҳисобланади. Ўшанда 2024/2025-ўқув йилида жами 1 миллион 167 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олиши кутилаётганини айтганди.
Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент Кимё халқаро университети, Ўзбекистон Миллий университетида энг кўп талабаларда таҳсил олмоқда.
Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни — билим, таълим ва тарбия бўлади”, деб таъкидлаганди. “Мамлакатимиз келажагини таълимда кўраман. Билими бор одам ҳар қандай шароитда йўлини топа олади. Агар биз сифатли таълим бера олсак, фарзандларимизнинг келажагидан хавотир олмасак ҳам бўлади”, деган эди президент таълим соҳаси вакилларини тақдирлаш маросимида.
Изоҳ (0)