Эрон ракеталари 16 июнь куни Исроилнинг ҳаво мудофаасини ёриб ўтиб, Тель-Авив ва Хайфа шаҳарларига етиб борди. Оқибатда камида 5 киши ҳалок бўлди ва 100 дан ортиқ одам яраланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига кўра, ҳужумда Исроилнинг мудофаа тизимини чалғитган янги усул қўлланилган. Натижада Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир-бирига ҳужум қилган. Бунга жавобан яҳудий мудофаа вазири Эрон пойтахтига жавоб зарбаси бериш билан таҳдид қилган. У бу зарбани “Теҳрон аҳолиси ўз бошидан ўтказиши”ни таъкидлаган.
15 июнь куни юқори аниқликдаги зарба оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси разведка бошлиғи Муҳаммад Козимий ва унинг ўринбосари ўлдирилган. Шундан сўнг Исроил авиацияси Ислом инқилоби қўриқчилари ва Эрон қуролли кучларининг қўмондонлик марказларини яна бомбардимон қилган.
Можарога боғлиқ ҳолда кўтарилган нефть нархи 16 июнь куни 0,62 фоизга ошиб, бир баррел учун 74,69 долларни ташкил этган.
Исроил армияси жума куни Эроннинг ўз ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ҳаво операциясини бошлади. Ҳар куни Теҳрон, Эрон ракета заводлари ҳамда Натанздаги уран бойитиладиган объектлар бомбардимон қилинмоқда. Исроил Эрон қуролли кучларининг бир қатор қўмондонлари, Ислом инқилоби қўриқчиларининг элита бўлинмаси аъзолари, шунингдек, ядро соҳасидаги олимларни ўлдирди.
Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, ўтган ҳафта бошланган кескинлашув оқибатида Эронда ҳалок бўлганлар сони 224 кишига етди, уларнинг 90 фоизи тинч аҳоли вакилларидир. Исроил томонидан қурбонлар сони 18 кишига баҳоланмоқда.
Изоҳ (0)