Ўзбекистон 23–25 июнь кунлари илк бор БМТнинг Давлат хизмати форуми — UNPCF 2025 га мезбонлик қилмоқда, деб хабар берди Рақамли технологиялар вазирлиги.

Самарқандда ўтказилаётган форумда дунёнинг турли минтақаларидан юқори мартабали меҳмонлар, давлат хизматлари вакиллари ва инновацион етакчилар иштирок этмоқда. Тадбирнинг очилиш маросимида иштирокчиларга Шавкат Мирзиёевнинг табриги ўқиб эшиттирилди.
“Авваламбор, сизларни Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Давлат хизмати бўйича Форумининг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.Форумни дунё цивилизациялари чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳрида ўтказиш борасидаги ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гуттериш жаноби олийларига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Фурсатдан фойдаланиб, БМТ ташаббуси билан дунёда кенг нишонланиб келаётган 23 июнь – Давлат хизмати куни билан барчангизни қизғин табриклайман”, дейилади табрикда.
Президент табригида қайд этилишича, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етиб, мамлакат бу борада минтақада етакчи ўринни эгаллади. 700 дан зиёд давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда.
Давлат хизмати ва бошқаруви жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш натижасида Ўзбекистон БМТнинг электрон ҳукуматлар ривожланиш даражаси бўйича глобал рейтингида 24 поғонага, Сунъий интеллектга тайёрлик бўйича халқаро индексда сўнгги бир йил ичида 17 поғонага кўтарилди.
“Институционал салоҳиятни ошириш ва инсон капиталига сармоя киритишга кўмаклашиш учун халқаро тажриба асосида эндаумент имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Шу боис, сизларни Ўзбекистонда давлат хизматида рақамли трансформация бўйича Глобал билим марказини очиш, халқаро Ёш етакчилар мактабини ташкил этиш каби глобал ташаббусларимизни қўллаб-қувватлашга чақирамиз”, дейилади давлат раҳбари табригида.
Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг билдиришича, ушбу форум 2030 йилгача бўлган кун тартиби ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишда давлат сектори имкониятларини кенгайтириш, унинг инсон капитали ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган.
Изоҳ (0)